Ўзбекистон – Эрон: ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Эрон Савдо-саноат палатаси раиси Самад Ҳассанзода бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти кенглиги таъкидланиб, эндиликда янги ғоялар зарурлиги қайд этилди. Мулоқотда Тошкентнинг бизнес учун жозибадорлиги, жумладан, экология, иқтисодиёт, маданият, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Ш.Умурзоқов “Янги авлод“ махсус иқтисодий зонасининг таъминот ва логистика имкониятлари, шароитлари ҳақида сўз юритди.
Самад Ҳассанзода Тошкент ва Теҳрон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга тўхталиб, шаҳарсозлик, тўқимачилик саноати ва тарихий обидаларни реставрация қилиш бўйича ҳамкорлик қилишни таклиф этди.
Учрашув якунида томонлар мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА