Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон - Эрон: дўстлик ва биродарликнинг яхши намунасини ярата оламиз
16:10 / 2022-03-08

Эрон ва Ўзбекистон ўртасида сўнгги йилларда ривожланиб бораётган алоқаларнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётганидир.

Мамлакатлараро савдо айирбошлаш миқдори 2021 йил якунига кўра олдинги йилга нисбатан 73 фоиз ошиб, 431 миллион долларни ташкил этди. Ушбу кўрсаткични икки миллиард еврога етказиш мақсад қилинган.

Халқаро ва минтақавий миқёсдаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт коммуникацияси бўйича ҳамкорликдан ташқари шериклик парламентлараро, олий ўқув юртлари орасидаги алоқа йўналиши, маданият, санъат, туризм, фан ва технологиялар соҳаларини ҳам қамраб олади.

Ҳужжатлар тўплами имзоланиши мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатда ижобий ўзгариш ясайди.

Ҳозир барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл хариталари» тайёрланмоқда.

Бугун натижадор ишларни амалга ошириш, икки мамлакат муносабати, жумладан, савдо-иқтисодий алоқа жараёнидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш вақти етиб келди. Давлатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади. Эрон Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг қулай йўналишдир.

Бир юз йигирма миллион кишилик бозор, икки томонлама ишлаб чиқариладиган турли хил маҳсулотлар тадбиркорлармиз учун қулай имкониятдир.

Давлат раҳбарларининг ўзаро алоқани ҳар томонлама ривожлантириш истаги жипслигимиз янада кучайишига хизмат қилади.

Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлислари ва қўшма кўргазмалар мунтазам ўтказилиши, қулайлик режими асосида савдо ҳамкорлиги ҳамда савдо имтиёзи тўғрисидаги битимларни имзолашга тайёрлаш, икки мамлакат хусусий сектор компаниялари ўртасида алоқани кучайтириш иқтисодиётни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Теҳрон шаҳрида 20 февраль куни Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Ушбу мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида уч нафар вазир, бошқарма бошлиқлари, савдо-иқтисодий йўналишда фаолият кўрсатувчи ташкилот, уюшмалар, йирик компаниялар раҳбарларидан иборат олтмиш кишилик делегация иштирок этди.

Ушбу ташриф давомида Эрон Ислом Республикаси олий мартабали расмийлари, жумладан, Президент Саййидиброҳим Раисий, президентнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Муҳсин Ризоий, фан ва технологиялар бўйича ўринбосари Сурино Сатторий, Саноат, конлар ва савдо вазири Саййидризо Фотимий Амин каби мулозимлар билан учрашув ўтказилди.

Ташриф давомида Эрон Савдо, саноат, конлар ва қишлоқ хўжалиги палатасида икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Ҳукуматлараро комиссиянинг мазкур мажлиси доирасида турли соҳалардаги ҳамкорликка оид бир неча муҳим ҳужжат имзоланди. Шунингдек, келгусидаги ташрифлар давомида яна бир неча ҳужжатни имзолашга келишиб олинди.

Англаш мумкинки, мамлакатларимиз сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ўта ёруғ истиқболга эга.

Икки давлат президентларининг яқин келажакда амалга ошадиган учрашувида муносабатимиз ҳар томонлама ривожланиши учун замин тайёрлайдиган турли соҳаларга оид ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси дунёда дўстлик ва биродарликнинг муносиб ва ажойиб намунасини ярата олади.

Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ,

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги

Фавқулодда ва мухтор элчиси