Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон– ЕОИИ: ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичи
11:10 / 2025-12-22

Муносабат

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий майдондаги нуфузини янги босқичга олиб чиқмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида сўзлаган нутқи ҳам ана шу изчил сиёсатнинг мантиқий давоми бўлиб, унда глобал иқтисодий ўзгаришлар шароитида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорликка оид устувор ёндашувлари аниқ ва равшан ифода этилди.

Бугунги кунда жаҳон бозорларида кузатилаётган парчаланиш, логистика занжирларининг мураккаблашуви ва инвестиция оқимларининг қайта тақсимланиши барча мамлакатлар олдига янги вазифаларни қўймоқда. Ана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистон учун географик, иқтисодий ва тарихий жиҳатдан яқин бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш табиий ва стратегик аҳамиятга эга.

Хусусан, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорлиги сўнгги тўрт йил ичида сезиларли даражада ўзгарди. Ўзаро ташқи савдо айланмасининг қарийб икки баробарга ошгани, савдо таркибида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши ортиб бораётгани шулар жумласидан. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз иқтисодиётида қайта ишлаш саноати ва кооперация алоқалари ривожланаётганидан далолат беради.

Қолаверса, бундай ўсиш кўрсаткичлари мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар, инвестициявий муҳитни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ва ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш сиёсати самараси ҳисобланади. ЕОИИ мамлакатлари билан ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлаш эса миллий иқтисодиёт барқарорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Президент нутқида Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида қабул қилинган уч йиллик ҳамкорлик режаси алоҳида ўрин тутди. Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, молия ва транспорт соҳаларини қамраб олган ушбу режада 40 га яқин аниқ тадбир белгилангани ҳамкорликнинг тизимли тус олганини кўрсатади.

Айниқса, божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари бўйича ахборот алмашиш тўғрисида битим тузиш юзасидан музокаралар бошланиши муҳим қадамдир. Бу орқали божхона назорати самарадорлиги ошиши, ортиқча кечикишлар камайиши ва Ўзбекистон транспорт тизимининг Евроосиё йўлакларига чуқур интеграциялашуви таъминланади.

Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши ҳам ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Инфратузилма, энергетика, металлургия, кимё ва бошқа соҳаларда шакллантирилаётган лойиҳалар портфели мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. 

Шу билан бирга, рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, электрон тижорат, рақамли маркировкалаш, божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш каби йўналишлар бугунги кунда иқтисодий рақобатбардошликни таъминлайдиган асосий омиллардан биридир. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти билан тақдирланиши, бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга оид олиб борилаётган ислоҳотларнинг эътирофи дейиш мумкин.

Умуман олганда, ЕОИИ билан ҳамкорлик савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, инвестиция ва илғор технологияларни жалб этиш, шунингдек, рақамли иқтисодиёт ва логистика салоҳиятини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Бу жараёнлар миллий иқтисодиёт барқарорлигини ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Меҳнат, соғлиқни сақлаш

ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

ЎзА