Сўнгги йилларда мамлакатимизда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, мавжуд генерация қувватларини модернизация қилиш ҳамда энергия тежамкор технологиялар асосидаги йирик дастурларни амалга ошириш ишлари изчил давом этмоқда.
Электр энергиясига бўлган талабнинг ортиши юқори ишончли, иқтисодий самарали ва экологик жиҳатдан барқарор қувватларни барпо этишни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирди.
Шу мақсадда йирик иссиқлик электр станцияларида амалга оширилаётган қурилиш ва модернизация ишлари мамлакат энерготизимини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва ишлаб чиқариш тармоқларини барқарор электр таъминоти билан таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.
Бу жараёнда “Толимаржон ИЭС”да амалга оширилган янги буғ-газ қурилмаси лойиҳаси мамлакат энергетика стратегиясида муҳим ўрин эгаллаб, минтақавий энерготаъминот барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ генерация бош бошқармаси бошлиғи Ғолибжон Салимёров қуйидагиларни маълум қилди:
–Маълумки, жорий йилнинг 5 декабрь куни “Толимаржон ИЭС”да йирик қувватли энергетика лойиҳаси ишга туширилди.
Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2020 йил 18 декабрдаги “Толимаржон ИЭС” АЖни умумий қуввати 900 мегаватдан кам бўлмаган икки дона буғ-газ қурилмалари қурилиши орқали кенгайтириш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилди.
Таъкидлаганимиздек, 5 декабрь куни Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган тантанали маросимда ушбу янги энергетика қувватлари ишга туширилди ҳамда навбатдаги йирик лойиҳаларнинг қурилишига старт берилди.
Маросимда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги “Толимаржон ИЭС”да дунёнинг етакчи компаниялари ҳамкорлигида замонавий технологиялар асосида қурилган 1065 МВт қувватга эга буғ-газ қурилмаси расман ишга қўшилгани эълон қилинди.
Қиймати 944,87 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу инвестиция лойиҳаси мамлакатимиз энергетика тизимидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилган доимий эътибор туфайли 2023 йилда бошланган қурилиш ишлари қисқа фурсат ичида амалга оширилиб, юқори технологияли мажмуа фойдаланишга топширилди.
Лойиҳа Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредитлари томонидан молиялаштирилди. Қурилиш ишлари Испаниянинг “Intesa Ingenieria Industrial S.A.”, Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва Туркиянинг “Çalık Energy” каби етакчи компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Буғ-газ қурилмалари ишга туширилиши натижасида корхона йилига 8 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Энергия тежамкор технологиялар қўлланилиши эвазига йиллик 300 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилади.
Янги мажмуа Самарқанд ва Бухоро вилоятлари истеъмолчилари, Қарши магистрал каналидаги еттита насос станцияси ҳамда бир қатор аҳоли пунктларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади. Қурилманинг ишга туширилиши натижасида қўшимча 200-250 та иш ўрни яратилди. Ускуналар Япония, Корея, Хитой ва АҚШда ишлаб чиқарилган бўлиб, тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув ва юқори даражадаги энергия тежамкорликка эга.
Лойиҳадаги газ турбиналарининг ҳар бири 385 МВт, буғ турбинаси эса 185,7 МВт қувватга эга. Шунингдек, ишлаб чиқарилган энергияни ягона миллий энерготизимга барқарор узатиш мақсадида 500 кВ кучланишга эга янги очиқ тақсимлаш қурилмалари ҳам барпо этилди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган энергетика ислоҳотлари доирасида замонавий буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши электр энергияси таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлаши ва аҳоли эҳтиёжларини қондиришда муҳим қадам бўлди.
Лойиҳанинг қисқа вақтда амалга оширилгани, етакчи халқаро компаниялар ҳамкорлигида замонавий технологиялар жорий этилгани энергетика соҳасидаги стратегик мақсадлар изчил амалга оширилаётганини кўрсатади.
Янгидан ишга тушган қувватлар миллий энерготизимни янада барқарор ва самарали қилишга хизмат қилиб, мамлакатимиз иқтисодий ривожига катта ҳисса қўшади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА