Бугун Тошкентдаги “CAEx Uzbekistan” халқаро кўргазмалар марказида Ўзбекистон энергетика ҳафталиги – UEW 2025 ўз ишини бошлади.
Мазкур ҳафталик “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ҳамда унинг ҳамкорлари – “ICA Eurasia Group” ва “Congresses of Central Asia – CCA” томонидан, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг расмий кўмагида ташкил этилди.
Айтиш жоизки, мазкур ҳафталик мамлакатда ушбу соҳадаги энг сўнгги янгиликлар ва инновациялар билан танишиш, тажриба алмашиш учун муҳим платформа ҳисобланади. Унда халқаро экспертлар, мутахассислар ва раҳбарлар иштирокида энергетика, барқарор ривожланиш, “яшил” энергия ҳамда замонавий технологиялар муҳокама қилиниб, мамлакатнинг энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва экологик тоза энергия манбаларига ўтишга қаратилган муҳим қарорлар қабул қилинади. Бу тадбир нафақат энергетика соҳасининг барқарор ривожланиши, балки глобал экологик муаммолар ва энергетик хавфсизлик масалаларида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Таъкидланганидек, ҳафталик доирасида саноатни ривожлантириш кун тартиби ва минтақавий мулоқотни белгилашда стратегик аҳамиятга эга бўлган қатор кўргазма ва конференциялар ўтказилади. Улар қаторида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2025” кўргазмаси ва анжумани, “Энергетика, энергия тежаш, атом энергетикаси ва муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2025” кўргазмаси, “Яшил энергия тежовчи технологиялар – GETCA 2025” ихтисослаштирилган бўлими, шунингдек, 5-Халқаро энергетика анжумани алоҳида ўрин тутади.
Энергетика ҳафталигининг умумий экспозицияси 465 та компания ва бренд, 120 дан ортиқ спикер ҳамда 1 420 нафар делегатни бирлаштиради. Тадбир иштирокчилари 34 давлатни қамраб олгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
– Мен учун энергетика ҳафталигида иштирок этиш жуда катта тажриба ва билим манбаи бўлди. Бу ерда нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда амалга оширилаётган илғор лойиҳалар, технологиялар ва “яшил" энергия соҳасидаги ечимлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдим. Айниқса, мутахассислар ва инвесторлар билан бевосита мулоқот қилиш, тажриба алмашиш ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари мен учун жуда фойдали бўлди. Бу каби тадбирлар Ўзбекистонда энергетика соҳасини янги босқичга олиб чиқишда муҳим майдон ҳисобланади, – деди Энергетика вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Халилов.
Ҳафталикнинг бизнес дастуридаги асосий тадбирлардан бири – Ўзбекистон халқаро энергетика форуми ҳисобланади. У доирасида 27-Халқаро нефть ва газ анжумани ҳамда 5-Халқаро энергетика анжумани ташкил этилади. Жорий йилдаги форум “Барқарор энергетика учун минтақавий ҳамкорлик” шиори остида ўтказилиб, ўзгарувчан энергетика ландшафтида ҳамкорликка асосланган барқарор ривожланиш стратегиялари, инновацион технологиялар ва хавфсиз энергия ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинади. Форумнинг уч кунлик кун тартибида вазирлар ва экспертлар мулоқотлари, ялпи мажлис, панель ва техник сессиялар ўрин олган.
Маълумки, мамлакатимизда 2025 йил – “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Шу боисдан, “яшил” энергетика масалалари ҳафталик доирасида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бу йилги тадбир углеводородларни қазиб олиш ва электроэнергетика соҳасини қамраб олган ҳолда, ёқилғи-энергетика комплексининг икки асосий таркибий қисмини узвий тарзда бирлаштирган.
[gallery-23310]
Кўргазма ва анжуманлар мавзулари амалий ечимлар, илмий-назарий ёндашув ва мулоқот, инновациялар ҳамда тажриба алмашуви асосида ташкил этилган. Форум доирасида етакчи халқаро экспертлар ва соҳа флагманлари барқарор ривожланиш стратегиялари, илғор технологиялар ва хавфсиз энергетика масалаларини муҳокама қилмоқда.
Ҳафталик ўз ишини давом эттирмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА