Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон энергетика форуми соҳа вакилларини бир мақсадга бирлаштиради
15:26 / 2022-06-14

Жорий йилнинг 23-24 июн кунлари пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида Ўзбекистон энергетика форуми – UEF 2022 бўлиб ўтади.

Энергетика вазирлиги томонидан ва "Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси ташкилий кўмагида ўтказиладиган мазкур тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Буюк Британия, Германия, Италия, Қозоғистон, БАА, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Франция, Япония давлатларидан тегишли давлат тузилмалари, етакчи халқаро нефть-газ ва энергетика компаниялари, молия институтлари вакиллари, халқаро экспертлар, илмий-тадқиқот соҳаси вакиллари иштирок этади.

"Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси менежери Нодира Ҳайитбоеванинг қайд этишича, ушбу форум шу йилнинг 18-20-май кунлари Тошкентда муваффақиятли ўтган «OGU 2022», «Power Uzbekistan 2022» халқаро кўргазмалари, «GETCA 2022» ихтисослаштирилган бўлими каби «Энергетик тадбирлар блоки»нинг мантиқий давомидир.

– Форум давомида аҳамиятли воқеа – Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг энергетика вазирлари учрашуви бўлиб ўтади, – деди Н.Ҳайитбоева. – Шунингдек, форум дастурида «Ўзбекистон нефть ва гази – OGU» анжумани ва иккинчи халқаро энергетика анжуманини ўтказилиши кўзда тутилган. Асосий мақсад жаҳон энергетика ҳамжамиятининг конструктив фикр алмашиш, ёқилғи-энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг минтақавий энергетика тизимига интеграциялашувидир. Унда глобал миқёсда тоза ва барқарор энергияга ўтишдан нефть ва газ саноатини рақамлаштиришга, электр секторини ўзгартириш ва инвестицияларни жалб қилишдан атом энергиясига қадар кенг қамровли мавзулар қамраб олинган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ўз ресурслари ҳисобидан электр энергияси билан тўлиқ таъминланган дунёнинг саноқли давлатларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда энергетика соҳасини янада такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепциясида белгиланган устувор вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА