Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари илк бор “Wire and Tube Fair-2022”да
12:02 / 2022-06-18

Жорий йил 20-24 июнь кунлари Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида Европанинг энг нуфузли “Wire and Tube Fair-2022” – сим ва қувурлар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

1986 йилдан бери ташкил этиб келинаётган ушбу халқаро тадбир кабел сими ва турли қувурлар ишлаб чиқариш салоҳияти намойиш этиладиган дунёдаги энг нуфузли кўргазмалардан биридир.

Бу йил дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан 1 минг 800 дан зиёд корхона иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган мазкур тадбир нафақат мутахассислар, балки Германия ва Европанинг турли шаҳарларидан келган ҳаваскорларнинг ҳам диққат марказида бўлади. Ташкилотчилар маълумотига кўра, кўргазмани 50 мингдан зиёд томошабин кузатиши кутиляпти.

Маълумки, электротехника саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим “драйвер”ларидан бири сифатида ривожланиш тенденциясига мансуб илдамламоқда. Замонавий асбоб-ускуна билан жихозланган, халқаро бозор талабига жавоб бера оладиган сифатли махсулотлар ишлаб чиқарувчи миллий корхоналаримизнинг сони борган сари ортиб, экспорт имконияти кенгаймоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, фақат кабел бозорининг йиллик ҳажми 2021 йил ҳолатига кўра, 55 миллиард долларни ташкил этган. Европа мамлакатлари миллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун экспортбоп бозор ҳисобланади. Айнан кўҳна қитъа импорти жаҳон кабел бозорининг 38 фоизини қоплайди.

Шунинг учун миллий электротехника саноати маҳсулотлари экспорт географиясини кенгайтириш, Германиянинг илғор технологик корхоналари билан манфаатли ҳамкорлик қилиш режалаштирилган. “Wire and Tube Fair-2022”да “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида 10 га яқин Ўзбекистон корхонаси биринчи марта марказлашган намойиш стенди билан иштирок этаётгани айни мақсадга хизмат қилади.

Анжуман доирасида сармоя ва экспорт имкониятини кенгайтириш мақсадида қатор “В2В” шаклилдаги учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Қолаверса, Европанинг қатор корхоналарини Ўзбекистонга кенг жалб этилади, экспорт шартномасини кўпайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.

Бу жараёнда 2021 йил “GSP+” тизими доирасида 6 минг 200 турдаги маҳсулотни Европа Иттифоқи ҳудудга божсиз экспорт қилиш имкони яратилгани, ўз навбатида, электротехника саноати корхоналарининг ҳам Европа бозорига эркин кириб бориши кафолатлангани муҳим аҳамият касб этади.

Айнан ушбу имтиёз ва мамлакатимизда хорижлик сармоядорлар учун яратилган қулайлик Европа корхоналарида жиддий қизиқиш уйғотмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, мазкур нуфузли кўргазма Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари учун Европа бозорига кириб олиш учун айни муддао.

ЎзА