2024 йилнинг 10 ойи якунларига кўра, Ўзбекистон электротехника саноатида 22 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 116 фоизлик ўсиш кўрсаткичи қайд этилди. Бу ҳақда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Шу давр мобайнида экспорт ҳажми 985 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 123 фоизга кўп. Электротехника маҳсулотлари жаҳоннинг 72 мамлакатига 180 та корхона томонидан экспорт қилинди. Энг йирик экспорт улуши кабель-сим маҳсулотларига (649 миллион доллар) тўғри келса, маиший техника маҳсулотлари 152,6 миллион долларлик, кучланиш қурилмалари ва бошқа маҳсулотлар эса 183 миллион долларлик экспортни ташкил қилди.
“Яшил” энергетика йўналишида ҳам жадал ўсиш кузатилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича фаолият юритувчи корхоналар ишлаб чиқариш қувватларини бир неча баробар оширган.
Таҳлилларга кўра, электротехника маҳсулотлари асосан Туркия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжонга етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, АҚШ, Канада, Ҳиндистон, Ливия, Швейцария, Қатар каби янги бозорларга ҳам маҳсулотлар экспорт қилинди. Жумладан, АҚШнинг ўзига 13 та корхона, Туркияга 60 та, Россияга 122 та корхона маҳсулот етказган.
Европа бозорида “GSP+” имтиёзлари доирасида 12 та корхона фаолият юритиб, жорий йил охирига қадар 100 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиши кутилмоқда.
–Инвестиция дастурлари доирасида 160 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, шундан 145,6 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар. Ҳудудий дастурлар асосида 50 та лойиҳа амалга оширилиб, 1800 та янги иш ўрни яратилди. Бухорода маиший техника, Нукусда қуёш панеллари, Андижонда кабель-сим маҳсулотлари, Фарғонада электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, Япониянинг “JVC” (Kenwood) ва Хитойнинг “TCL” каби брендлари остида ишлаб чиқариш тўлиқ фаолиятга киришди. Электротехника саноатида мис хомашёси асосий рол ўйнайди. Ушбу даврда 76,5 минг тонна мис қайта ишланди. Шунингдек, корхоналар томонидан бюджетга 713 миллиард сўмлик тўлов амалга оширилди, – деди Н.Толипов.
Айни пайтда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Энергия самарадорлигини ошириш мақсадида Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларида “Мис кластери”, Қашқадарёда эса “Solar Cluster” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА