Ўзбекистон Экологик партияси ўзининг матбуот нашрига эга бўлди. Мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига қаратилаётган алоҳида эътибор рамзи сифатида янги нашр – “Оила ва табиат” газетасининг илк сони ўқувчиларга тақдим этилди.
Газета қарийб ўн йилдан буён чоп этилаётган “Оила даврасида” газетаси негизида ташкил этилиб, эндиликда Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурий ғояларини кенг жамоатчиликка етказувчи асосий нашр, партиянинг жамият олдида айтмоқчи бўлган сўзи учун бош минбарга айланади.
– Ушбу газета орқали экопартия ғоялари содда ва халқчил тилда, ҳар бир хонадон, ҳар бир оилага кириб боради, – дейди «Оила ва табиат» газетаси бош муҳаррири Ҳусниддин Бердиев. – Аввало, янги нашр бутун қиёфаси, барча материаллар мазмун-моҳияти билан ўзида Экопартиянинг “Биз келажак учун жавобгармиз!” ғоясини намоён этади.
Юртимизда долзарб бўлиб турган экологик муаммолар, уларни бартараф этишнинг йўллари ҳақида танқидий-таҳлилий материаллар, халқимизнинг табиатга бўлган муносабатини ўзгартириш, ёшларда атроф-муҳитни асраб-авайлаш кўникмасини тарбиялашга қаратилган публицистик мақолалар, қизиқарли маълумотлар, халқимизнинг миллий менталитети, қадриятларини ифода этадиган чиқишлар газетамиз саҳифаларидан ўрин олади.
“Оила ва табиат” газетасининг илк сонида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов билан «Қалбида она табиатга меҳри бор ҳар бир инсон Экологик партия тарафдори» сарлавҳали суҳбат чоп этилган.
Шунингдек, газета саҳифаларида инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар, атроф табиий мувозанатига оид бир қатор таҳлилий-танқидий материаллар билан ҳам танишишингиз мумкин.
Д. Маматова, ЎзА