French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Экологик партияси 7 ёшда
11:37 / 2026-01-08

Бу йил Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилганига 7 йил тўлди.

Партия тарихига назар ташлайдиган бўлсак, 2018 йил 14 ноябрда Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатда табиий ресурсларни тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим устувор йўналиш ҳисобланган экологик сиёсат билан шуғулланувчи партия тузиш бўйича шакллантирилган 100 нафардан иборат ташаббускор гуруҳ томонидан чақирилган. 2019 йил 8 январда бўлиб ўтган партия Съездида таъсис этилган.  

Ўша съезднинг ўзида партиянинг Устави ва Дастури лойиҳалари, Марказий Кенгаши аъзоларини сайлаш, Марказий назорат тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низоми, Матбуот органини таъсис этиш ҳамда партиянинг ваколатли вакилларини сайлаш каби масалалар кўриб чиқилган. 2019 йил 22 январда эса Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган.

Ўтган қисқа фурсат ичида яшиллар партияси 600 мингдан зиёд аъзоларни ўз атрофида бирлаштиришга муваффақ бўлди. Бугун партия фаоллари, тарафдорлари ва депутатлари энг муҳим масалага айланиб бораётган атроф-муҳит муҳофазаси, экологик муаммоларни бартараф этиш йўлида меҳнат қилиб келмоқда, муайян ташаббусларни, ҳаётий лойиҳаларни амалга оширмоқда.  

Партия ўтган вақт мобайнида атроф-муҳитни асраш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш йўлида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 16 нафар, маҳаллий Кенгашларда 762 нафар депутатлик ўрнига эга бўлди. Бугун мазкур депутатлик бирлашмалари партиянинг асосий мақсад ва вазифалари бўлган мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлашга кўмаклашиб келмоқда.  

Бугунги кунда партия атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни комплекс ҳал этишга йўналтирилган дастур ва ҳаракатлар стратегиясини шакллантириш ва илгари суришда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг соғлиғини сақлаш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.  

Экологик муаммолар кун сайин авж олаётган бир пайтда партия мамлакатнинг экологик сиёсатини амалга оширишда камарбаста бўлаётгани бугунимиз ва эртамизни экологик хавфсиз муҳитга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.  

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА