Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Экологик партияси 5 ёшда!
16:17 / 2024-01-08

Бугун бутун дунёда рўй бераётган экологик ҳодисалар, турли кўринишдаги экологик муаммолар инсониятни табиат билан ҳисоблашишга, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ундамоқда.

Экологияга оид глобал муаммолардан Ўзбекистон ҳам четда эмас. Афсуски, мамлакатимизда ҳам ўта долзарб экологик масалалар – иқлим ўзгариши, атмосферанинг ифлосланиши, сув танқислиги, тупроқ унумдорлиги пасайиши, чўлланиш, чанг бўронлари каби инсон ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар билан рўбарў келмоқдамиз. Бу эса ҳар биримиздан табиатни муҳофаза қилиш, атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабатда бўлиш, аҳолининг экологик маданиятини оширишни талаб этади.  

Экологик муаммолар кундан-кунга жиддий тус олаётгани ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва янада жадаллаштиришни тақозо этади. Айни шу мақсадда бундан 5 йил муқаддам Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилди. Мамлакатимиз сиёсий майдонида янги сиёсий куч сифатида пайдо бўлган мазкур партия она табиатни муҳофаза қилиш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, келажак авлодга яхши табиий шароит қолдириш йўлида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда.  

Ўтган қисқа даврда партия мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнига эга бўлиб, муҳим сиёсий жараёнларда фаол иштирок этди. Юртимиздаги экологик ҳолатни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, яшил иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали келажак авлодга яхши табиий муҳит қолдириш мақсадида ўз ғоя ва ташаббусларини илгари сурмоқда, қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.  

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда янги қонунчилик ташаббусларини амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Ҳудудлардаги партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари эса жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда, аҳолининг табиатга бўлган муносабатини ўзгартириш ва экологик маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.  

620 мингдан ортиқ партия аъзолари мамлакатимиздаги экологик ҳолатни тўғри англаган ҳолда Ўзбекистон Экологик партиясининг ғоя ва мақсадларини қўллаб-қувватлаётгани эътиборга молик.  

Ўзбекистон Экологик партияси келгуси фаолияти давомида ҳам ўз сафини кенгайтирган ҳолда экологик барқарорликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини, ҳаётий лойиҳаларини изчиллик билан амалга оширишидан, юртдошларимизнинг экомаданиятини юксалтиришидан умидвормиз.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА