Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Екатеринбург кўргазмасида иштирок этди
18:17 / 2024-07-11

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Россияга сафари доирасида Екатеринбургда ташкил этилган “Иннопром-2024” анъанавий саноат маҳсулотлари кўргазмасига борди.

50 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган тадбирда Хитой, Туркия, БАА, Беларусь ва бошқа давлатлар экспонатлари намойишга қўйилган. Сермазмун дастурдан саноат, инвестиция, савдо, энергетикани ривожлантириш масалалари бўйича 100 дан ортиқ давра суҳбати, сессия ўрин олган.

анжуманнинг асосий воқеаси – “Уфқ-2035: ШҲТ – глобал иқтисодиёт ўқи” мавзусидаги мунозарада Ўзбекистон вазиридан ташқари Россия саноат ва савдо вазири Антон Алиханов, Қирғизистон иқтисодиёт ва тижорат вазири Дониёр Амангелдиев, Қозоғистон саноат ва қурилиш вазири Канат Шарлапаев, Беларусь саноат вазири Александр Рогожник, Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир ва ШҲТ Бош котиби ўринбосари Сухайл Хон спикер сифатида чиқиш қилди.

Лазиз Қудратов Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасида инвестицияни рағбатлантириш ва лойиҳаларни молиялаштириш механизмини жорий этиш бўйича ҳамкорлик дастурларини яратиш таклифини илгари сурди.

Вакилларимиз сафар давомида Россиянинг қатор вазирлик, ҳудуд ва компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

РФнинг янги тайинланган саноат ва савдо вазири Антон Алиханов билан музокарада мавжуд келишувлар амалга оширилиши жараёни батафсил муҳокама қилиниб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди.

Азиза Алимова тайёрлади. ЎзА