Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – ЕИ парламентлараро ҳамкорлиги мавзуси Германия ОАВда
21:17 / 2022-05-30

Жаҳон матбуоти саҳифаларида

Германиянинг «Rusverlag.de» нашрида чоп этил мақола “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15-йиғилишида Олий Мажлис ва Европа парламенти ўртасидаги муносабатни ривожлантириш истиқболи муҳокама этилганидан хабар беради. Томонлар пандемия шароитида ҳамкорликни давом эттириш, мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар ва инвестициявий муҳит масаласини кўриб чиққани, иқтисодий алоқани мустаҳкамлаш, савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, минтақалараро риштани мустаҳкамлаш, қайта тикланадиган энергияни қўллаб-қувватлаш, ўзаро молиявий-техник ёрдам кўрсатиш, сайёҳлик ва таълим алмашинувини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратгани батафсил ёритилади.

Нашр Европа парламенти вице-президенти Хайди Хауталнинг қуйидаги сўзларини келтиради:

- Европа Иттифоқи савдо-иқтисодий муносабатни ривожлантириш, иқлим ўзгариши таҳдидига қарши курашишда ҳамкорликни фаоллатиришдан манфаатдор. Бугунги йиғилиш кун тартибида ҳамкорлигимиз кўламини янада кенгайтириш зарурлиги акс этган. Шу билан бирга олдимизда турган ишларни ҳам белгилаб оламиз. Ўзбекистон очиқ ички ва ташқи сиёсат юритиш, пухта ўйланган парламент дипломатияси, инсон ҳуқуқи ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича халқаро майдонда муносиб эътирофга сазовор бўлмоқда. Брюсселдаги ушбу учрашув ҳам бунинг тасдиғи.

Франция оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон хусусий секторидаги ислоҳотлар ҳақида

Франциянинг «Le Courrier de l’Atlas» журналида чиққан “Ўзбекистон: мамлакатни жадал эркинлаштириш учун хусусий сектордаги кенг ислоҳотлар” сарлавҳали мақолада мамлакатимиз хусусий секторни ислоҳ қилиш бўйича янги вазифалар белгилагани, хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш, коррупцияга қарши курашиш ва иқтисодиётни монополиядан чиқариш бўйича чора-тадбирларни фаол амалга оширишни бошлагани қайд этилади. Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштиришни жадаллаштириш ҳамда энергия ресурслари, транспорт, коммуникация бозорини ривожлантириш, бу соҳаларга инвестиция жалб қилиш учун қўшимча шароит яратиш алоҳида эътиборда эканига урғу берилади.

Нашр хабар қилишича, давлат тасарруфидан чиқариш жараёни автомобилсозлик, авиация, темир йўл соҳаларига ижобий таъсир кўрсатиб, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари сони кескин кўпайишига олиб келади. Қолаверса, солиққа оид қонунчиликка ўзгариш киритилиши, хорижликлар учун яшаш гувоҳномаси олиш имконияти кенгайиши кутилмоқда. “Бундай янги чора-тадбирлар Ўзбекистонни янада жозибадор давлатга айлантиради, мамлакат иқтисодий тараққиётини оширишга ёрдам беради. Бу бутун Марказий Осиё учун жуда фойдали”, - деб ёзади муаллиф.

И. Абдумаликзода тайёрлади, ЎзА