Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – ЕИ ҳамкорлиги ҳудудларда ўз аксини кўрсатмоқда
10:37 / 2025-10-29

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Шу йил 24 октябрь куни Брюссел шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Ушбу ҳужжат ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, савдо ва инвестиция соҳаларида кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун янги, кенг қамровли ҳуқуқий асос яратди.

Маълумки, Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари орасидаги энг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкори. Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра ҳудудлараро тўғридан тўғри иқтисодий алоқалар, ҳамкорлик лойиҳалари, маданий соҳада делегациялар алмашуви тобора кенг қулоч ёймоқда.

Шу йил июль ойида Фарғона вилояти делегацияси Германияга қилган амалий ташрифи давомида самарали келишувларга эришилган эди. 

Мана энди Германия Федератив Республикаси Тюрингиянинг Штайнбах-Халленберг шаҳри мери Маркус Бёттчер бошчилигидаги делегация Фарғонага келди. Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан бўлган учрашувда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

“Симсон Привате Академие” академияси билан Фарғона вилоятида касбий профессионал таълим мактабини ташкил этиш ва Германия стандартларидаги халқаро таълим дастурлари асосида илгарироқ амалий ишларга киришилган. Шу лойиҳа доирасида фарғоналик ёшларни немис тилига ўқитиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, миграция, таълим, иқтисодиёт ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, Штайнбах-Халленберг шаҳри ва Фарғона вилояти ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, бизнес форум ва учрашувлар ташкил этиш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Учрашув давомида ўзаро манфаатли ҳамкорлик борасида “йўл харитаси” ишлаб чиқиш, биргаликда қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга келишиб олинди.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА