Ўзбекистон дзюдо федерацияси Фахрийлар кенгаши ташкил этилди
Шу муносабат билан федерацияда тадбир ташкил этилди ва унга Ўзбекистон дзюдосининг тамал тошини қўйишда бевосита иштирок этган, ҳозирда ҳам ёш спортчиларни тайёрлашда меҳнат қилиб келаётган фахрийлар таклиф этилди.
Йиғилиш давомида мутасаддилар иштирокчиларни мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги билан қутлаб, янги ташкил этилган Фахрийлар кенгашининг аҳамияти ва вазифалари ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг ташкилий масала кўриб чиқилди. Билдирилган фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлардан келиб чиқиб, тажрибали мураббий, "Дўстлик" ордени соҳиби, фан доктори, профессор, дзюдо бўйича 7-ДАН қора белбоғ соҳиби Лев Югай бир овоздан Ўзбекистон дзюдо федерацияси қошидаги Фахрийлар кенгаши раиси этиб сайланди.
Шунингдек, 15 дан зиёд фахрий мураббийлар, спортчилар кенгаш аъзолари сифатида таништирилди.
ЎзА