Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон дунё меҳнат бозорида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда (+видео)
18:03 / 2024-02-19

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра бугунги кунда Германия, Жанубий Корея, Литва, Буюк Британия, Беларусь, Япония, Латвия, Болгария, Туркия, Польша каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида минглаб бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

2023 йил давомида дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлатларидан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича иш берувчи ва рекрутинг агентликлари ўртасида 120 га яқин шартнома имзоланишига эришилган.

Мазкур иш берувчи ва рекрутинг агентликларининг 100 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари аниқланиб, 60 мингдан ортиқ бўш иш ўрнига талабнома олинган.

Натижада, 38 минг нафардан ортиқ фуқаронинг Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Буюк Британия, Қозоғистон, Германия, Туркия, Руминия, Япония, Литва, Болгария, Польша каби давлатларга ташкилий ва манзилли тартибда ишга жойлашишига кўмаклашилган.

Илк бор 2 минг нафарга яқин фуқаро Буюк Британияга, 500 га яқини Германияга юборилди. Жанубий Кореяга юборилган фуқаролар сони 1,5 бараварга кўпайиб, 4900 нафарга етказилган.

Хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизни кетишдан олдин чет тили ва касбларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

- Иш берувчиларнинг асосий талаби фуқароларнинг сони эмас, балки чет тилини биладиган, малакага эга бўлган, қўлида сертификати, дипломига эга бўлган мутахассисларни хоҳлайди ва ана шу иш берувчиларнинг талабига мос мутахассисларни топиш ва уларни ишга жалб этиш режалаштириляпти, - дейди  Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов. – Фуқароларимиз хорижга кетишдан олдин у қайси давлатга боради, қандай шароитда яшайди, ишлайди, уни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси қандай бўлади, ватанга қандай қайтади? -  ана шу нарсани билиши керак ва шу саволларга албатта жавоби бўлиши керак.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kY6WKnpTn6s" title="O‘zbekiston dunyo mehnat bozorida o‘z o‘rnini mustahkamlamoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган фуқароларни касбларга ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги 32 та мономарказ ва унинг филиаллари, 53 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 13 та қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказлари ҳамда бошқа турли вазирлик ва идоралар, нодавлат таълим муассасалари, 10 та хорижий ҳамкорлар билан ташкил этилган 48 та курслар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Амалдаги субсидия ҳисобига меҳнат мигрантларига тақдим этилаётган суғурта полиси самарадорлигини ошириш мақсадида суғурта ҳодисалари бўйича кўрсатиладиган хизматлар 3 тадан 6 тага кўпайтирилди.

Агентлик томонидан 2023 йилда жами 227 минг нафардан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган. Шундан, 197 мингдан ортиғига ахборот ва маслаҳат хизмати, 13 минга яқинига ҳуқуқий, 13 мингдан ортиғига ижтимоий, 3 мингга яқинига моддий, шундан, 1499 нафарига 79 минг 447 АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилган.

Шунингдек, 115 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 547 нафар юртдошимиз эса Ўзбекистонга олиб келинган. Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимизнинг иш берувчиларидан 1 млн 700 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги иш ҳақлари ундириб берилган.

Шу ўринда айтиш керакки дунёнинг ривожланган давлатларига бориб ишлаётган ва ишлаш учун кетаётган юртдошларимизнинг миграция қонунчилигига риоя қилиши, меҳнат шартномаси талабларини бузмаслиги, иш берувчилар ҳурматини қозониши, кейинчалик ушбу давлатларга Ўзбекистондан миграция оқими ҳажмининг ортишига хизмат қилади. 

Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА