ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни остида мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва консуллик муассасаларидаги фаолиятини ёритишда давом этади. Бунда мамлакатимиз элчилари томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш, сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро майдонда миллий манфаатларимизни илгари суриш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлилига алоҳида эътибор қаратилади.
Ушбу рукндаги материаллар дипломатик миссияларимизнинг инвестицияларни жалб қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қўшаётган ҳиссасини ёритишга қаратилган.

Абҳа. Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов Абҳадаги Қирол Холид университети ректори, доктор Фалих ибн Ражаллоҳ ал-Салмий билан учрашди. Томонлар Ўзбекистон Президентининг 2022 йил август ойида Саудия Арабистонига ташрифи чоғида имзоланган Ўзаро англашув меморандуми доирасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Саудия Арабистони вакили ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди. Университетда 60 мингга яқин, шу жумладан 2500 нафар хорижий талаба таҳсил олади. Бу ерда араб тилини ўрганиш ва хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиш учун барча шароитлар яратилган.
Абу-Даби. Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Абдулазиз Оққулов “UAE University” проректори, профессор Аҳмад Али Алраисий билан учрашди. Учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистонда университетнинг филиалини очиш, Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда қўшма дастур ҳамда қишлоқ хўжалиги ва экология бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, томонлар БАА университети Қишлоқ хўжалиги ва ветеринария коллежи, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ва Тошкент давлат аграр университети ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда такдқиқот дастурини амалга ошириш, шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда иқтисодиёт ва бизнес йўналишидаги талабалар учун БААда 10 кунлик стажировкаларни ташкил қилиш масалаларини кўриб чиқди.

Рим. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев Венециядаги Ка’Фоскари университети ректори Тициана Липпьелла билан онлайн-учрашув ўтказди. Томонлар 2026 йилнинг бошида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Италия таълим форумига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, Ка’Фоскари университети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамкорлигида “Марко Полонинг саёҳати” асарини ўзбек тилига таржима қилиш ишлари якунлангани, Тошкентда унинг тақдимоти ўтказилиши айтиб ўтилди.
Токио. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ушбу мамлакат Парламенти Вакиллар палатаси депутати, Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси бош котиби Ясутоси Нисимура билан учрашув ўтказди. Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим, туризм каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бош котиб бу борада амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Рига. Латвияда 4 сентябрь куни бошланган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Ригада биринчи Ўзбекистон-Латвия ректорлари форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг 50 дан ортиқ етакчи университетлари раҳбарлари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ва Латвия таълим ва фан вазири Даце Мельбарде очиб берди.
Форумда биргаликда услубий ва амалий дастурларни тайёрлаш, талабалар алмашинуви, дипломларни ўзаро тан олиш амалиётини жорий қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, таълим жараёнида ахборот технологияларида кенг фойдаланиш ва кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга янгича ёндашувлар каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, форумда бакалавриат, магистратура, аспирантура, докторантура босқичларида илмий-педагогик ва бошқарув ходимлари ўртасидаги алмашинув, илмий, академик ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, тадқиқот лойиҳалари учун Латвия ва Европа Иттифоқининг грант маблағларини жалб қилишни кўзда тутадиган 30 дан зиёд тегишли келишув имзоланди.
Лейпциг. Германиянинг Лейпциг шаҳридаги Ҳунармандлар палатаси ўқув-технологик марказида Қашқадарё вилояти политехникумлари ўқитувчиларига малака ошириш сертификатларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Германия стандартлари бўйича касбий ўқитишга қаратилган мазкур лойиҳа доирасида вилоятдаги танлаб олинган 6 та политехникумларнинг 24 нафар ўқитувчилари икки ойлик малака ошириш курсида ўқишди. Энди улар ушбу халқаро даражадаги малака сертификати билан ёшларга “қурилиш” ва “металлар технологияси” мутахассисликлари бўйича таълим беради.

Лойиҳага кўра, Германия касбий малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган битирувчиларга ушбу мамлакатда ишлаш ҳуқуқини берувчи диплом топширилади.
Брюссель. Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида мамлакатимиз мустақиллигининг 34-йиллигига бағишланган тантанали қабул бўлиб ўтди. Унда 250 дан ортиқ меҳмон, шу жумладан Бенилюкс ва Европа Иттифоқи мамлакатлари сиёсатчилари, экспертлари, ишбилармон доира вакиллари, дипломатик корпус аъзолари, Европанинг етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда Бельгия, Нидерландия ва Люксембургда истиқомат қилаётган ватандошларимиз иштирок этди. Тадбирда ички сиёсатнинг устувор йўналишлари – таълим соҳасини ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, одил судловни таъминлаш, соғлиқни сақлаш соҳасини модернизация қилиш ва эклогик барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар кенгайиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Ўзаро ишончнинг ортиб бораётгани, сиёсий мулоқот, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик фаоллашгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва Бенилюкс мамлакатлари билан стратегик шериклиги янада чуқурлашишига ишонч билдирилди.
Азиза Алимова, ЎзА