“Дунёга назар” таҳлилий дастури
Ватанимиз азал-азалдан турли миллат ва элат, конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағри кенг диёр сифатида тан олинади. Охирги йилларда мамлакатимиз ушбу йўналишда олиб бораётган изчил сиёсат халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.
Дарҳақиқат, диёримизда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифа ҳисобланган. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 25 февраль санасида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатнинг биринчи бобида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси виждон эркинлигига нисбатан ҳуқуқни ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифаси, тамойили ва устувор йўналишларини белгилайди.
Шунингдек, концепцияда “дунёвий давлат” тушунчасига ҳам алоҳида таъриф берилган.
Дунёвий давлат – ҳар ким учун виждон эркинлиги, мафкура ва фикр хилма-хиллиги кафолатланган, давлат ҳокимияти диний-конфессиявий қарашлар ва институтлардан ажратилган ҳамда ижтимоий муносабатни тартибга солиш, қарорни қабул қилиш ва ижро этишда Конституция ва қонунга, умумжамият манфаатига асосланган тарзда бошқариладиган давлат.
Айни мавзуда, хусусан Янги Ўзбекистонда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний вазият барқарорлигини таъминлаш борасида эришилаётган муваффақиятнинг асосий омиллари юзасидан мунозара юритиш учун ЎзА экспертларга мурожаат қилди.
Абдишукуржон Муратов, Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими:

– Кўп миллатли республикамизда турли дин вакиллари истиқомат қилади. Давлатимиз ҳар хил динга эътиқод қиладиган фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини тўлиқ таъминлаш, уларнинг бир-бири билан рақобатлашишига йўл қўймаслик учун жавобгар. Масалан, юртимизда ислом ёки бошқа динга мансуб шахслар ўзаро низо келтириб чиқаришга уринмайди, бир-бирини камситадиган ҳаракат қилмайди.
Дунёвий давлат сифатида эътироф этилган мамлакатлар конституциясида шу жиҳатларга алоҳида урғу берилади. Яъни, давлат турли дин вакилларининг ҳақ-ҳуқуқи, бир-бирига нисбатан ҳурмати, дўстона муносабатини тартибга солади.
Дунёвий давлатлар ривожланиши жараёнии тарихий нуқтаи назардан таҳлил қилинса, тараққий этган давлатлар муайян мамлакатлардан андоза олгани кўринади. Масалан, Европанинг айрим шаҳарлари Уммавийлар даврида илм-фан юқори даражада ривожланган жой сифатида тан олинган. Ўша замонларда кўҳна қитъанинг бошқа бир ҳудудларида илмий ихтиролар қилган шахсларга нисбатан “сеҳр-жоду манбаси” қабилида тамға қўйилиб, уларга қарши аёвсиз кураш олиб борилган.
Маълумки, Амир Темур давридан олдин ҳам бизнинг заминимизда илм ривожланган. Масалан, Биринчи ёки Иккинчи Ренессанс даврида тўла-тўкис ижодий, илмий эркинлик ҳукм сургани учун жуда кўп кишилар зиё истаб Моварауннаҳрга келган. Имом Мустағфирий “Тарихи Насаф ва Кеш” асарида ҳадис илмини ўрганиш учун ўлкамизга жуда кўп одам келганини ёзган. Энг муҳими, улар бу заминга келгач, диний илм билан бирга бошқа фанларни, хусусан астрономия, математика, тиббиётга оид дунёвий билимларни ҳам ўрганиб, кейин юртига қайтган.
Нуриддин Қалқонов, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори:

– Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида қабул қилинган қонунлар замирига дунёвий давлатчилик қоидалари сингдирилиб, дин давлатдан, давлат диндан ажралган ҳолда фаолият юритарди. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, хусусан “Ҳаракатлар стратегияси”, “Тараққиёт стратегияси”, “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида қонунларимизга тизимли равишда ўзгариш, янгиланиш, ривожланиш, модернизация тушунчалари кириб келди. Конституциямиз янгиланган тартибда қабул қилинди. Асосийси, қомусимизнинг биринчи моддасига “дунёвий давлат” тушунчаси киритилди.
Дунёвий давлат тамойили замирида давлат билан дин ўртасидаги нисбат ёки муносабат ётади. Яъни, давлатнинг динга муносабати, диний ишларга аралашмаслиги ёки давлатдан ажралгани намоён бўлади. Бу нима дегани? Давлат диний ташкилотлар, бирлашмалар ишига аралашмайди, бошқарувни диний қоидалар эмас, балки конституция ва қонунга биноан амалга оширади, шу асосда жамиятни тартибга солиб туради.
Дунёвий давлатда виждон ва эътиқод эркинлиги қонун ёрдамида таъминланади. Яъни, ҳеч бир динга урғу берилмасдан, фуқароларга эътиқод эркинлигини амалга ошириш учун тўлиқ қонуний асос яратилган бўлади. Бундай жараён кўпгина ривожланган давлатлар қонунчилигида бор. АҚШ, Франция ёки аҳолисининг кўпчилик қисми мусулмонлардан иборат Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон каби давлатларнинг дунёвий давлат принципи ўз конституциясига киритилган.
Шоислом Акмалов, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси доценти:

– Аслида, ўз ҳудудида истиқомат қилувчи турли хил ижтимоий қатлам, миллат ва элатларга жинси, ирқи, диний эътиқоди, келиб чиқишидан қатъи назар бир хил шароит яратиб, керакли капитал билан таъминлаб, ривожланиш учун шароит яратиб берган жамиятда демократик дунёвийлик нуқтаи назари устувор ҳисобланади.
Эътироф этиш жоиз, диёримизда “Инсон қадри учун” ҳаётий тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар кўп миллатли халқимиз томонидан фаол қўлланмоқда. Бундай оқилона ечимнинг ижобий самарасини, айниқса, диний соҳада яққол кўриш, ҳис қилиш мумкин. Зеро, фуқароларимиз виждон эркинлигини таъминлаш, эмин-эркин ибодат қилиш учун яратилган шароитлардан рози эканлигини ҳар қадамда сезамиз.
Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган виждон эркинлиги ҳар бир фуқаро учун бирор динга эътиқод қилиш ёки динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини кафолатлайди. Афсуски, дунёнинг айрим ўлкаларида ижтимоий, хусусан диний соҳага оид нўноқ сиёсат оқибатида халқ билан ҳукумат ўртасида келишмовчилик чиқиши, этноконфессионал зиддият кучайиши учраб туради. Бу эса бутун дунёдаги барқарорликка жиддий хавф туғдирадиган омил бўлиб, барчамиздан огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш, воқеалардан тўғри хулоса чиқариб иш кўришни талаб қилади.
Табиийки, айни ҳолат ёшларни “оммавий маданият” ниқоби остида юртимизга кириб келаётган турли ғайри ахлоқий, бузғунчи ғоялар таъсиридан асрашни ҳар қачонгидан кўра долзарб вазифа қилиб олдимизга қўймоқда.
Ислом Умрзоқов, Ёшлар ишлари агентлиги Мирзо Улуғбек тумани бўлими раҳбари:

– Маълумки, ёшларни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, ҳаётий ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, мақсадга интилувчан, ватанпарвар, комил шахс сифатида тарбиялаш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Бу жараёнда тизимли саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.
Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 19 январда “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 92-сонли қарори қабул қилиниб, мазкур ҳужжат асосида республикамизнинг барча маҳаллаларида Ёшлар етакчилари лавозими жорий этилди.
Дарҳақиқат, ҳар бир давлатнинг келажаги билимли, салоҳиятли ёшларнинг иқтидорини ривожлантириш ва юзага чиқариш билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, ҳукуматимиз томонидан таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, мактаб таълими ривожлантирилиб, IELTSдан юқори баҳо олганларга компенсация тўланаётгани, улар хорижий тилларга ўқитилиб, турли ташаббуслар қўллаб-қувватланаётгани, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қувонарли. Зеро, узоқни кўзлаган ислоҳотларимиз бизни стратегик аҳамиятга эга буюк мақсадлар сари етаклайди.
Дунёнинг нуфузли университетларида 1 500 дан зиёд ватандошимиз таҳсил олмоқда. Бу келажагимиз учун беқиёс ресурсдир. Асосийси, юртимиздаги ёшлар сиёсати халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бинобарин, яқинда БМТ “Ёшлар-2030” стратегияси бўйича эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошираётган давлатлар кучли ўнлигига киртилган.
Ушбу давра суҳбатини ЎзА “You Tube” саҳифасида ҳам томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zeKKvJcW5W0" title="O‘zbekiston – demokratik dunyoviy davlat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўткир АЛИМОВ, Улуғбек ТЎХТАЕВ (сурат, видео), ЎзА