English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон делегацияси “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форумида
13:46 / 2020-11-26

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Сеул шаҳрида бўлиб ўтган “Корея Республикаси – Марказий Осиё” 13-ҳамкорлик форумида иштирок этди.

Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари пандемия шароитида мамлакатлар барқарорлиги ва изчил ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ устувор йўналишлар ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликка асосланган адолатли глобал тизимни шакллантириш орқали коронавирус инфекциясига қарши биргаликдаги курашни, даволаш усулларини такомиллаштириш ҳамда янги эпидемиологик-санитар стандартлар ва қоидаларни жорий этиш бўйича ахборот алмашишни давом эттириш зарурлигини қайд этди. Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш тизими ва иқтисодий жараён ўртасидаги мувозанатни таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Форум қатнашчиларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тақдим этган БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ташаббусининг концептуал аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Делегациямиз раҳбари давлат идоралари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш долзарблигини алоҳида таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари эътибори иқлим ўзгариши Марказий Осиё минтақаси барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётганига ҳам қаратилди. Шу нуқтаи назардан Орол денгизи қуришининг экологик оқибати, Орол бўйи аҳолисига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак кўрсатилиши механизми таҳлил қилинди.

Форум якунида Қўшма боёнот қабул қилинди.