Истанбул шаҳрида Туркиянинг “Мармара груп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди томонидан 27-Евроосиё иқтисодий саммити ташкил этилди. Саммитда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон – 2030" стратегиясида иқтисодий соҳада белгиланган устувор мақсад ва вазифалар ҳақида маъруза қилди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.
Жумладан, унда "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг “Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш” устувор йўналишида келгуси етти йилда миллий иқтисодиёт ҳажмини икки баробар ошириш ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш масалаларига тўхталиб ўтди.
Шунингдек мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ривожланишни зарур даражадаги энергетика, сув ва инфратузилма ресурслари билан таъминлаш, инвестициявий жозибадорликни янада ошириш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш каби қатор стратегик мақсадлар ҳақида маълумотлар берилди.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинадиган Евроосиё иқтисодий саммитида 40 дан ортиқ мамлакатдан 300 га яқин сиёсатчи, халқаро ташкилотлар, академик доиралар, таҳлил марказлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Саммитда Ўзбекистон делегацияси ва халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи “ақл марказлари” ўртасида мулоқотлар ўтказилиб, ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
А. РУСТАМОВ, ЎзА