Кеча Жидда шаҳрида жойлашган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибияти қароргоҳида ушбу тузилмага аъзо давлатлар вакиллари иштирокида “Исломда аёллар” мавзусида халқаро конференция иш бошлади.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Анжуманда ИҲТга аъзо давлатларда хотин-қизларнинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини ошириш, ислом динида аёллар ҳуқуқи ҳамда уларга тўсқинлик қилаётган салбий қарашларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Беш ишчи сессиядан иборат тадбирда хотин-қизларнинг мақоми, Исломдаги ҳақ-ҳуқуқи, муслималарни таълим ва иш билан таъминлаш ҳамда замонавий жамиятдаги улар билан боғлиқ турли муаммолар кўриб чиқилади.
Конференция очилишида сўзга чиққан Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон мамлакатда аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ислом динининг энг олижаноб хусусияти эканини таъкидлади.
Бугун делегациямиз раҳбари “Янги Ўзбекистон шароитида миллий-диний қадриятларга эътибор ҳамда аёллар ҳуқуқи таъминланиши масаласи” мавзусида маъруза қилиши кутиляпти. Шунингдек, ИҲТга аъзо давлатлар вакиллари эътиборига мамлакатимизда аёллар ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси хусусида муҳим маълумотлар тақдим этилади.
Анжуман 9 ноябрга қадар давом этади.
ЎзА