Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон делегацияси ХАЭА бош директори Рафаэль Гросси билан учрашди
18:26 / 2025-03-06

Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 4-5 март кунлари Ўзбекистон делегацияси Вена шаҳрида хизмат сафарида бўлди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ва Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси ўртасида учрашув ўтказилди.

Унда томонлар Ўзбекистон ва ХАЭА ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу жумладан, ядровий технологиялар ва хавфсизлик соҳасидаги истиқболли йўналишларни муҳокама қилди.

Мулоқот чоғида Рафаэль Гросси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, 2024 йил 4-5 декабрь кунлари Тошкент ва Самарқандга амалга оширилган расмий ташриф икки томонлама ҳамкорликда эришилган муҳим ютуқларнинг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.

Учрашувда “Йўл харитаси“ доирасидаги бир қатор лойиҳалар муҳокама қилинди. Жумладан, “Умид нурлари“, “ZODIAC” ташаббуслари ҳамда радиацион ва изотоп технологиялар соҳасидаги истиқболли йўналишлар кўриб чиқилди.

Агентлик ахборот хизматига кўра, мутахассислар малакасини ошириш Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети филиалида кичик модулли реакторлар бўйича мактаб ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг пахтачилик соҳасида ХАЭА халқаро стандартларини жорий этиши масаласи муҳокама қилинди.

Мазкур учрашув якунида ХАЭА раҳбари Ўзбекистоннинг атом энергетикаси ва ядровий технологиялар соҳасидаги стратегик ташаббусларини ижобий баҳолаб, уларнинг инновацион ва истиқболли эканини таъкидлади. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорликка содиқлигини қайд этиб, уни ХАЭАнинг минтақа бўйича асосий ҳамкорларидан бири сифатида эътироф этди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА