Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон делегацияси ЕҲХТ кўмагида Испаниянинг пенитенциар тажрибасини ўрганди
16:01 / 2025-12-24

2025 йилнинг 15-18 декабрь кунлари Ўзбекистон делегацияси пенитенциар муассасаларни бошқариш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги Европа тажрибасини ўрганиш мақсадида Испанияга ташриф буюрди. Ўқув ташрифи ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан Тараққиёт ва одил судлов маркази (CDJI) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Делегация таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек, Ўзбекистондаги Ахлоқ тузатиш муассасалари раҳбарлари кирди. Ташриф чоғида иштирокчилар Испаниядаги эркаклар ва аёллар ахлоқ тузатиш муассасалари, шунингдек, полиция участкасининг амалий фаолияти билан танишишди. 

Бундан ташқари, Испания Адлия вазирлиги, Пенитенциар муассасалари Бош котибияти, Карлос III университетининг Грегорио Песеса-Барба номидаги инсон ҳуқуқлари институти ҳамда Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликнинг Иберо-Америка тармоғида ишчи учрашувлар бўлиб ўтди.   

Делегация инсон марказида турган ёндашувга алоҳида эътибор қаратди. Испания томони маҳкумларни индивидуал баҳолаш механизмларини тақдим этди. Унга кўра, ҳар  бир маҳбуснинг хулқ-атвори, эҳтиёжлари ва салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда сақлаш шароитлари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари белгилаб олинади. 

Ўзбекистонлик мутахассислар шунингдек, таълим ва профессионал дастурларни амалга ошириш амалиёти, қайта ижтимоийлашув, шунингдек, маҳкумларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш механизмларини ўрганди. Ахлоқ тузатиш муассасалари ходимларининг маҳбуслар билан хавфсиз ва қўллаб-қувватловчи муҳитни яратишга қаратилган фаол ҳамкорлик қайд этилди. Пенитенциар муассасаларни бошқаришда гендер-сезгир ёндашувга алоҳида эътибор қаратилди. 

Ташриф давомида орттирилган тажриба Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг риоя қилиниши ва миллий амалиётни халқаро стандартларга мослаштиришга урғу берган ҳолда жазони ижро этиш тизимини янада такомиллаштиришда фойдаланилиши мумкин. 

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА