English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети – 70 ёшда
11:21 / 2025-04-17

Инсон ҳаётида ҳар бир даврнинг ўзига яраша ўрни бўлади. Талабалик даври ҳам ана шундай унутилмас ва бетакрор хотираларга тўла бўлган умримизнинг баҳоридир.

Бу даврнинг бетакрорлигини университетни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўйганимизда, фикрлашимиз, дунёқарашимиз кенгайганида янада теранроқ англай бошлаймиз. Ҳар бир талаба ҳаётида бўлганидек, менинг илмий-ижодий фаолиятимда ҳам ўзим таҳсил олган ва жорий йилда табаррук 70 ёшини нишонлаётган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг ҳам алоҳида аҳамияти бор. Бугунги кунда университетимизда ўз касбига фидойи, ўз юрти, ватани шону-шуҳрати ривожига ҳисса қўшаётган жонкуяр инсонлар илмий фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатда соғлом турмуш тарзи асосларини шакллантириш, кенг аҳоли қатлами орасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш, малакали кадрларни тайёрлаш ва давлатимизнинг дунё спорт ареналаридаги нуфузини янада оширишда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг алоҳида ўрни бор.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мамлакатимизда спорт бўйича юқори малакали мутахассис мураббийларни тайёрлайдиган ягона таянч олий таълим даргоҳи ҳисобланади. Жисмоний тарбияга бўлган эҳтиёж, маҳаллий халқ орасидан жисмоний тарбия ходимларини тайёрлашга бўлган зарурат туфайли 1935 йилда Тошкентда жисмоний тарбия техникуми очилди. 

Аммо жамиятда йигит-қизларнинг мунтазам спорт-соғломлаштириш билан шуғуллана бошлагани мутахассисларга бўлган эҳтиёжни кучайтирди. Жисмоний тарбия ҳаракатини такомиллаштириш, сифат жиҳатдан тамомила янги мутахассислар авлодини тарбиялаш, маҳаллий халқ вакилларининг спорт мусобақаларида фаол иштирокини таъминлаш зарурати боис 1955 йил ҳукуматнинг тегишли фармойишига асосан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ташкил этилди. 

Дастлабки йилларда 122 нафар талаба таҳсил олган бўлса, 1980-йилларга келиб 2600 нафарга яқин талабалар ўқий бошлади. Истиқлол сабаб институтда ўқув-услубий жараённи яхшилаш, маҳаллий аҳоли орасидан малакали, олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш асносида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ҳаракатининг оммавийлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Институтнинг дастлабки битирувчи талаба-қизлари орасидан О.Рихсиева, Д.Шарипова, К.Шакиржановалар профессор, M.Рўзиқулова, М.Турсунова, Ю.Юнусовалар фан номзоди илмий даражаларига эришган. Мамлакат миқёсида спорт-соғломлаштириш ишларини ташкил этиш, спорт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кўнгилли спорт жамиятлари фаолиятини йўлга қўйишда масъул сифатида С.Рўзиев, Э.Аминов, И.Ибрагимов, О.Назиров, Е.Кулков, Ш.Нажимов, Н.Жаминов, К.Юсупов, И.Барабан, Ҳ.Рафиев, Ш.Усмонов, У.Валиев, Д.Тошпўлатов, Н.Саидовларнинг хизмати таҳсинга лойиқдир. Университет битирувчилари А.Отаев, Ш.Хонкелдиев, Д.Шарипова, И.Қўшбахтиев, Ҳ.Ботиров, М.Жуков, А.Истомин, Х.Ражабов, С.Расулов, Ҳ.Рафиев, М.Тошпўлатов, Ё.Худойбердиевлар жисмоний тарбия ва спорт тизимида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириб, ўқув-услубий жараённи яхшилашга хизмат қилганлар. Университетда таҳсил олган А.Абдуҳамидов, Г.Арзуманов, П.Боярогло, Л.Виннер, М.Жуков, Ю.Зеленин, Р.Исянов, С.Нажафалиев, Э.Саидов, М.Сиротенко, А.Аблаев, Л.Величко, А.Изранлов, A.Илов, Д.Кавулов, Р.Казаков, Г.Калеткин, М.Бешабоев, Ф.Абдураҳмонов, А.Абсатторов, П.Абдураззоқов, В.Аванесов, Л.Айранетяни, Р.Акромов, В.Корбут, Ю.Парфёнов, A.Рўзиев, М.Тожиев, О.Тўймуродов, В.Шведукслар биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тренер унвонига сазовор бўлишган.

2018 йил университет тарихида туб ўзгариш ва янгиланиш даври бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ташкил этилди.

Университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий қилиш, халқаро стандартлар ва кадрлар тайёрлашнинг илғор тажрибаси асосида тегишли йўналиш ҳамда мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш, назарий ва амалий машғулотларни янада оптималлаштириш, спорт соҳасига оид таълим ресурсларини мунтазам янгилаб бориш, тизимли асосда педагогик ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш, спорт муаммоларини қамраб олган илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, илм даргоҳининг халқаро рейтинги ва рақобатбардошлигини ошириш учун хориж фуқароларининг таълим олиш имкониятини кенгайтириш, спорт турлари бўйича спорт ва жамоаларнинг тайёргарлик динамикаси ҳамда ривожланиш истиқболларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 331-сонли қарори янги имкониятлар эшигини очди.

2018 йилдан бошлаб университетда катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўқув ва ўқув-услубий йўналишда иқтисодиёт тармоқлари талаби асосида 8 та янги таълим йўналишлари ташкил этилди.

“Адаптив жисмоний тарбия ва спорт”, “Спорт тадбирларини ташкил этиш” ва “Қишки спорт турлари” кафедралари ташкил этилди. Университетнинг Нукус ва Фарғона филиаллари ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт илмий-тадқиқотлар институти ташкил этилди.

2024 йил университет ҳаётида туб бурилиш ва ислоҳотларни бошлаб берди. Илм даргоҳига шу маскан битирувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, нуфузли Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон миллий терма жамоасини тайёрлашга бевосита хизмат қилган мураббий, педагогика фанлари доктори, профессор Рашид Маткаримов раҳбар этиб тайинлангач, “Адолат, ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик” тамойилига асосланган ҳолда таълим сифати тубдан ўзгартирилди. 

Энг аввало, университет таълим тизимидаги коррупция ҳолатларига бутунлай барҳам бериш мақсадида факультет деканатлари тизими бекор қилинди. Унинг ўрнига барча ҳужжатлари электрон шаклга ўтказилган “офис регистратор” тизими жорий этилди. Ўз-ўзидан декан ва декан ўринбосарлари, деканат услубчилари каби лавозимлар қисқартирилди. Талабалар билан ишлаш бўлими фаолияти янги тизимга ўтказилди. Таъмагирлик ҳолатларига чек қўйилди. 

Иккинчидан, университетда таълим тизимини тубдан яхшилаш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга муносиб шароит яратиш, ўқитиладиган фанлар тизимини дунёнинг ривожланган спорт таълими жараёнига яқинлаштириш мақсадида ҳам кенг кўламли ишлар йўлга қўйила бошланди. Россия, Беларусь, Литва, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Малайзия каби 60 дан зиёд мамлакатнинг олий таълим муассасалари билан мустаҳкам илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Биргина Туркия Республикаси элчихонаси ҳамкорлигида бепул турк тили ўқитиш курслари ташкил этилди. Унда таҳсил олаётганлардан 3 нафари тегишли даражадаги сертификатларни қўлга киритишди. Яқин кунларда Корея Республикаси кўмагида корейс тилини бепул ўқитиш ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Ҳаётда ҳар бир инсоннинг юрагида алоҳида ўрин эгаллайдиган, унга илҳом берадиган, орзулар сари етаклайдиган жой бўлади. Менинг ҳаётимда бу жой — менинг университетим. Бу маскан мени фақатгина билим билан эмас, балки мустаҳкам иймон, қатъият ва орзуларимга етишиш йўлидаги ишонч билан қуроллантирган муқаддас даргоҳдир. Чунки у мени шакллантирмоқда, жамиятга керакли инсон сифатида тайёрламоқда.

Шунинг учун ҳам мен университетим билан фахрланаман. У менинг билим масканим, орзуларимнинг таянчи ва ҳаётимдаги энг муҳим босқичдир. Қаерда бўлишимдан қатъи назар, ҳар доим университетим номини улуғлашга, унинг шарафини ҳимоя қилишга тайёрман.

Озода АКБАРОВА,

Ўзбекистон давлат жисмоний

тарбия ва спорт университети

5-босқич талабаси

ЎзА