Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, симфоник оркестр бадиий раҳбари, бош дирижёр Камолиддин Ўринбоев билан суҳбатимиз айнан симфоник оркестр ривожи, сохадаги муаммолар, уларнинг таҳлили ва ечими хусусида кечди.
— Яқинда хориж сафаридан қайтдингиз. Суҳбатимизни сафардан кўзланган мақсадлар борасидаги фикрларингиз билан бошласак?
— Хорижий сафарлар санъаткорнинг ижоди қай даражада сермаҳсуллиги ва натижадорлигини билдиради. Ўзбекистон давлат симфоник оркестри учун ҳам, консерватория учун ҳам устувор йўналишлардан бири бу, албатта, халқаро ҳамкорлик масалалари. Бу таълим муаммоси бўладими, симфоник оркестр бўладими, биз учун жуда муҳим. Замон шу даражада шиддат билан ривожланмоқдаки, агар биз ўзимизни даврга ҳамоханг равишда ўзгартириб бормасак, орқада қолиб кетаверамиз. Ҳар доим ижод, таълим соҳасида олди қаторларда бўлишга интилишимиз зарур.
Дирижёр сифатида жуда кўп хорижий сафарларда бўламан. Яқинда Қатар давлатининг Доха шаҳрида бўлиб қайтдим. Ижодий сафарларда катта бир жамоа биланми ёки мустақил дирижёр сифатида борасизми, сафар давомида ҳамкасбларингизнинг янги ижро имкониятларини кўрасиз. Чунки биз интеграция жараёнларига фаолроқ қарамасак, ишимиздан тўхтаб қоламиз. Илдам қадамлар билан кетолмаймиз.
— Бугун ёшлар орасида симфоник оркестрга нисбатан анча-мунча қизиқиш шаклланди. Бу санъатни ҳамма бирдек эшитяпти, деб айтолмаймизу аммо сезиларли ишлар йўлга қўйилмоқда. Хўш, ушбу санъат турини халқимиз ва ёшлар орасида кўпроқ тарғибот-ташвиқот қилиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Чайковский номидаги Москва давлат консерваториясини тамомлагач, Ўзбекистонга қайтиб фаолият бошлаганимда айрим соҳа мутасаддиларининг бу санъат турига бироз ҳадик билан қарашганини кечагидек эслайман. “Симфоник мусиқа бизга хос эмас”, “Халқимиз буни эшитадими йўқми?”, дегувчилар бор эди. Тўғри, бу санъат бизга керак, лекин унинг тарғиботи қандай бўлади, деган саволлар устида бош қотирилган.
Ўшанда бу санъатни ёшлар эшитиши керак. Энг аввало, республикамизнинг чекка-чекка худудларидаги қишлоқларга бориб, ижро қилиб, тарғибот қилишимиз шарт, деган фикрда эдик. Албатта, тарғибот ишларида ёшларга бирданига оғир, фалсафий, 1-2 соатга мўлжалланган симфоник, аратория, тантаталарни эмас, қабул қилишлари осон бўладиган кичик пеъсалар орқали ишни бошлаш керак, дея ўзимизга режа тузиб олдик. Концерт дастурларимиз орқали жаҳон эстрада юлдузларининг қўшиқларини классик симфоник талқинда ижро этганимизда ёшларнинг кўзларидаги қувончни, яхши қабул қилишганини кўриб бизда янаям кўпроқ ҳаракат қилишга иштиёқ кучайди.
2014 йилдан бошлаб фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри билан биргаликда республикамизнинг барча худудларида мана шу ишларни амалга ошириб келяпмиз.
— Бугунги кунда санъатни рекламасиз тасаввур қилиш қийин. Афсуски, симфоник оркестр соҳасида ижод қилаётган санъаткорларнинг рекламаси жуда кам?
— Классик-академик мусиқага эътибор етарли даражада бўлмагани ва бу соҳани номутахассислар бошқаргани сабабли бироз эътиборсизликлар бўлган. Аммо охирги 3-4 йилларда юртимизда байрамларга бағишлаб ўтказиладиган тадбирларнинг салмоқли қисмини классик академик санъат эгаллади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтишим керак, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон давлат симфоник оркестрини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг алоҳида бандида айнан мана шу масалалар кўрсатиб ўтилган. Реклама, тарғибот-ташвиқот, керак бўлса шаҳар марказларидаги реклама баннерлари орқали симфоник оркестрни тарғибот қилиш масалалари ёки ОАВда махсус бепул кўрсатувлар ташкил қилиш босқичма-босқич олиб бориш назарда тутилган. Ушбу қарор ҳам насиб этса бу соҳани янада ривожлантиришда жуда катта натижалар беришига ишонаман.
— Ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш масаласида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Юртимиздаги бадиий хор жамоаларига, мусиқий театрларга кадрлар етказиб берадиган олий таълим муассасаси бу, албатта, консерватория. Бугунги кунда ушбу таълим даргоҳига раҳбарлик қилиб келяпман. Кадрлар етиштиришда қуйи, ўрта ва олий таълим тизимида муайян ишлар амалга оширилган. Бугунги кунда республикамиздаги бир қанча бадиий жамоаларда ишлаётган созанда, хонандаларни бунга мисол келтириш мумкин.
Олий таълим муассасалари йилига 300-400 нафар хонанда-ю созандаларни етиштириб беряпти, деб ўйлашимиз назаримда ўта хато муносабат. Бу соҳаям камчиликлардан ҳоли эмас. Оғриқли нуқталаримизни таҳлил қилмай, камчиликларимизни билмай, уларни бартараф этмай туриб яхши натижаларга эриша олмаймиз.
Танганинг иккинчи томони борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Биз бу ҳолатни сон билан эмас, сифат билан ўлчашимиз зарур. Юртимиз ва дунё саҳналарини сифатли мусиқа ва қўшиқ билан тўлдирадиган даврлар аллақачон келди.
<iframe width="962" height="541" src="https://www.youtube.com/embed/KlWrNuD1zKk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Ёқуб Мелибоев (видео) ЎзА