18 май – «Халқаро музейлар куни» муносабати билан Ўзбекистон давлат санъат музейида ҳафталик тадбирларга старт берилди. Тадбир доирасида «Ўзбекистон маданий мероси – азалий қадриятлар» деб номланган кўргазма очилди. Унда мамлакатимизнинг шонли тарихи даврида қолдирган бой маънавий мероси, Ўрта Осиё меъморчилиги намуналари акс этган кўргазма очилди.
Тадбирда туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва бошқалар сўзга чиқиб, соҳа ходимларини муборакбод этди. Мамлакатимизда музейлар фаолиятига алоҳида эътибор берилгани, шу муносабат билан йилдан-йилга музейлар сони ортаётганига, музейлар фаолияти ижобий томонга ўзгараётганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Музейга ташриф буюрувчиларга музей раҳбарияти ва ходимлар томонидан маскан фаолияти таништириб ўтилди.
Кўргазма экспонатлари Ўрта Осиё – қадимий цивилизациялар ва энг бой тарихий-маданий мероси эканлигидан далолат беради. Шарқ меъморлик ёдгорликлари жаҳон меъморчилиги хазинасига салмоқли ҳисса қўшган.
Ўрта Осиёнинг ўтроқ деҳқончилик воҳаларида қурилиш санъатининг бошланиши неолит давридаёқ вужудга келган бўлиб, унинг ривожланиши кейинчалик меъморчилик санъатининг энг юксак даражада шаклланишига олиб келган.
Ривожланган ўрта аср даврларида архитектуранинг энг муҳим хусусиятини меъморлар томонидан геометрик пропорционаллик қонунларини қўллаш ташкил этди. Сақланиб қолган биноларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, режалар тузиш, интерьерларнинг ички майдони ўлчовлари геометрик уйғунликнинг қатъий қоидаларига амал қилади. 1219-1221 йилларда мўғуллар истилосининг оғир оқибатлари бартараф этилгач, Ўрта Осиёда шаҳар ва қишлоқларнинг босқичма-босқич тикланиши меъморчилик ва қурилиш фаолиятининг юксалишига хизмат қилган.
Кўргазмада Темурийлар даврида қурилган меъморчилик намуналаридан ҳам хабардор бўлиш мумкин. Ўша давр бинокорлигида безак ва ранг муҳим аҳамиятга эга бўлган. Меъморий ғоя билан ҳамоҳанг ҳолда, безак жиҳатидан ҳам бойитган.
Ҳафталик доирасида музей ходимлари учун инглиз тили сабоқлари, музейшунос олимлар иштирокида маҳорат дарслари ва очиқ дарслар, археологик ашёларни таъмирлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади. Тадбирларда музейшунослик йўналишида таҳсил олаётган ёшлар иштирок этади.
Тадбирда фаол иштирок этган тадқиқотчилар, музей ходимлари ва музейшунослар тақдирланади. Шунингдек, санъат ихлосмандлари учун ҳафталикнинг сўнгги кунида «Музейда тун» номи остида гала-концерт ташкил этилиши кўзда тутилган.
Д.МАМАТОВА, ЎзА