Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон давлат санъат музейи фаолиятини тўхтатдими?
12:08 / 2026-01-22

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон давлат санъат музейи фаолияти тўхтатилгани хусусида хабарлар тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур музей Марказий Осиёдаги энг йирик санъат даргоҳларидан бири бўлиб, музей фондида 100 мингдан ортиқ асл ва ноёб экспонат сақланади. Ушбу экспонатлар давлатимизнинг бебаҳо маданий бойлиги ҳисобланади.

Қайд этилишича, музей биноси 1974 йилда қурилган бўлиб, ўша даврда ўрнатилган муҳандислик-коммуникация тизимлари (электр таъминоти, совуқ ва иссиқ сув қувурлари, иситиш ва совитиш тизимлари) ҳозирги кун талабларига жавоб бермайди. Бу ҳолат музей ашёлари хавфсизлиги ҳамда ташриф буюрувчилар учун шарт-шароитларни таъминлашда жиддий муаммоларни келтириб чиқарган.

Шу сабабли, давлатимизнинг бебаҳо маданий бойлигини асраб-авайлаш ва эҳтимолий зарарларнинг олдини олиш мақсадида Маданий мерос агентлигининг 2023 йил 5 июлдаги тегишли буйруғи асосида музей биносида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Шу сабабли музей фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Айни пайтда музейда видеокузатув, ёнғин хавфсизлиги ва сигнализация тизимларини янгилаш, муҳандислик тармоқларини тўлиқ алмаштириш, ертўла ва музей ашёлари сақланадиган захирахоналарни капитал таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ушбу ишлар давлат бюджети ҳамда Маданий мерос агентлиги жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА