Пойтахтимиздаги "Халқлар дўстлиги" санъат саройида Ўзбекистон давлат филармониясининг 88-ижодий мавсуми очилишига бағишланган тантанали мусиқий тадбир бўлиб ўтди.
Мусиқий кечага ушбу ижодий ташкилотнинг мамлакатимиздаги барча бўлинмалари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, мусиқа ихлосмандлари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков 2018 йилда қайтадан ташкил этилган Ўзбекистон давлат филармонияси Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси эканини таъкидлади.

Тантанали кеча аввалида Ўзбекистон давлат филармониясининг шонли йўли, анъаналари, ривожланиш йўллари хусусида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон давлат филармониясининг қайта ташкил этилгани миллий маданиятимиз ва санъатимиз ривожида янги истиқболларни очиб бери, – деди Ўзбекистон давлат филармониясининг бош директори Анвар Тожибоев. – Ўтган вақт мобайнида бадиий жамоаларимиз бир қатор хорижий давлатларга ижодий сафарларга бориш, миллий санъатимизнинг бор жозибаси ва гўзаллигини жаҳонга намоён этиш имконига эга бўлди.
Дарҳақиқат, филармония тарихи, унинг шонли йўли Муҳиддин Қориёқубов, Тўхтасин Жалилов, Тамарахоним, Уста Олим Комилов ва бошқа кўплаб санъат дарғалари номи, уларнинг фидокорона меҳнатлари, ижодий заҳматлари, изланишлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Бугунги кунда ушбу мусиқа тузилмаси таркибида элликка яқин бадиий жамоа самарали фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг самарали ишлаши, эркин ижод қилиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Ушбу жамоалар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётган “Маданият карвонлари” лойиҳасида, умумтаълим мактабларидаги мусиқа саводхонлигини оширишга оид лекторий дарс машғулотларида мунтазам иштирок этмоқда.
– “Филармония” қадимий юнон тилидан олинган бўлиб, “мусиқани яхши кўраман”, деган маънони англатади, – деди Ўзбекистон халқ артисти, “Ялла” ансамблининг бадиий раҳбари Фаррух Зокиров. – Ўз пайтида раҳматли Ботир акам “Қани эди филармония таркибидаги бадиий жамоаларда бизнинг ҳам қоракўзлар ишласа!” деб орзу қилган эдилар. Мана энди бугунги кунда филармония таркибидаги оркестрлар, ансамбллар, ижодий жамоаларда аксарият ўзимизнинг қоракўзлар ижод қилмоқда. Бу мамлакатимизда санъатга кўрсатилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Тантанали мусиқий кечада миллий мусиқа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган санъаткорлар, филармониянинг жойлардаги бўлимларида меҳнат қилаётган ходимларнинг катта гуруҳи тақдирланди.
Ўзбекистонимиз, истиқлолимиз, тинч ва осуда кунларимизни тараннум этувчи қўшиқлар, мафтункор рақслар ижро этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири