Жорий йилнинг 21-22 февраль кунлари Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида техник спорт турларидан ҳисобланган мотокросс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 1-босқичи ўтказилди.
Мусобақада, мураббий Андрей Сазонов бошчилигидаги ОКМК мотокроссчилари ҳам иштирок этишиб, самарали натижаларни қайд этишди.
Жумладан, вакилларимиздан 125 см двигателли мототцикллар баҳсида Эмран Аблязов маррага учинчи бўлиб етибди.
Яна бир вакилимиз Шевкет Сулейманов ChZ классидаги мототцикллар баҳсида марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди.
Бу йил илк бор +35 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида ҳам баҳслар ўтказилиб, унда қатнашган вакилларимиз Андрей Сазонов(кичиги) ва Сергей Виноградовлар совринли ўринларни эгаллашди. Андрей марраага ҳаммадан биринчи бўлиб етиб келган бўлса, Сергей учинчи бўлди.

Двигатель ҳажми 500 см бўлган мототцикллар пойгасида қатнашган Эмран Аблязов учинчи ўринни қўлга киритди.
750 см двигателли мототцикллар баҳсида иштирок этган Виктор Лавров ва Бедрий Акимов жуфтлигидан иборат экипаж маррага биринчи бўлиб етиб келган ҳолда, ғолибликни ўз ҳисобларига ёздириб қўйишди.
Шу тариқа умумжамоа ҳисобида ОКМК мотокроссчилари мамлакат чемпионатининг биринчи босқичини пешқадам сифатида якунлашди.
Бундан ташқари, мусобақа доирасида меҳнат фахрийси Норали Боймуродов хотираси учун ҳам баҳслар ўтказилиб, ғолибларга совринлар тақдим этилди.
Эндиликда ОКМК мотокроссчилари 1 ойдан кейин Навоийда ўтказилиши кўзда тутилган мамлакат чемпионатининг 2-босқичида иштирок этишади. Шунингдек, ушбу мусобақа билан параллель равишда ўтказиладиган Ипак йўли халқаро мусобақасида ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.
ОКМК мотокроссчиларининг юқори натижаларга эришишида комбинат раҳбарияти томонидан Ижтимоий объектлар бошқармаси таркибидаги Техник спорт клубига қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур қўллаб-қувватлаш натижасида клуб аъзолари халқаро ва республика миқёсидаги мусобақаларда комбинат шарафини муносиб ҳимоя қилиб келишаяпти. Клуб аъзолари комбинат раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини билдиришади. Шунингдек, ОКМК мотокроссчилари уларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган Ижтимоий объектлар бошқармаси раҳбарияти ва «Ватанпарвар» ташкилотини ҳам эътироф этишди.
Ахборот хизмати