English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон чемпионатида Олимпиада ва жаҳон рекордлари янгиланди
09:45 / 2024-05-10

Ангрен шаҳридаги "Янгиобод" спорт базасида пара енгил атлетика бўйича ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионатида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Мазкур мамлакат биринчилигида 600 нафарга яқин ногиронлиги мавжуд пара атлетлар ғолиблик учун баҳс олиб борди. Ушбу мусобақа 2026 йил Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳарлари мезбонлик қиладиган навбатдаги Параосиё ўйинларига спортчиларни саралаш ва юртимизда пара енгил атлетикани янада оммалаштириш мақсадида ўтказилди.  

Мусобақада рекорд даражада иштирокчилар сони ортгани чемпионлик йўлидаги курашларни янада қизғин тус олдирди. Шунингдек, маҳоратли пара атлетларимиз мусобақа давомида бир қатор рекордларни янгилашди. 

Жумладан, найза улоқтиришди Нурхон Қурбонова – 20.74 метр натижа билан Паралимпия ўйинлари рекордини 49 см.га янгилаган бўлса, Шахина Йигиталиева 45,50 метр натижа билан дунё рейтингидаги энг яхши натижани, аниқроғи 40,45 метрни янгилаб қўйди.  

Эркаклар ўртасида Бобур Исомиддинов найзани 40,07 метрга улоқтириб, дунё рейтингининг кучли олтилигига кирди. Маълумот ўрнида, Бобур жорий йилнинг 17-26 май кунлари Кобе шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионатида мазкур натижасини такрорласа, "Париж-2024" Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма олади.  

Ядро улоқтиришдаги баҳслар Моҳигул Ҳамдамова, Дилафруз Аҳмадхонова, Кубаро Ҳакимова ўртасида кечди ва улар ҳам жаҳон миқёсидаги рейтингларни янгилашни уддалади.  

Ушбу йўналишнинг эркаклар ўртасидаги баҳсларида Муҳаммад Рихсимов 14,84 метр натижа билан дунё рейтингида иккинчи натижани қайд этган бўлса, Хусниддин Норбеков 16,29 метр натижа билан 2024 йилги мавсумда дунёнинг энг яхши натижасини 92 см.га ошириб қўйди.  

Мамлакат чемпионатининг узунликка сакраш баҳсларида Асила Мирзаёрова, Ёқутхон Холбекова, Дониёр Салиев ва Омад Ҳасанов тенгсиз эканликларини яна бир бор қайд этди.  

Шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, пара атлетларимиз 17-26 май кунлари Япониянинг Кобе шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида мусобақанинг олтин медаллари билан бир қаторда, "Париж-2024" ёзги Паралимпия ўйинлари йўлланмаси учун рақобатлашади.  

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА