French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон чемпионати ғолиблари аниқланди
15:16 / 2025-12-25

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жорий йилнинг 20–25 декабрь кунлари фахрий спортчилар ҳамда пара шахматчилар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақа нафақат юқори маҳорат соҳиби бўлган ўйинчиларни бир жойга жамлади, балки юртимизда шахмат спортини янада оммалаштириш, тажрибали спортчиларни рағбатлантириш ва жисмоний имконияти чекланган шахматчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.

Чемпионат иштирокчилари мамлакатнинг турли ҳудудларидан келиб, бир неча кун давомида кескин ва қизғин беллашувларда ўз билим ва тажрибаларини намоён этдилар. Партиялар давомида ҳар бир иштирокчининг ўйин услуби, стратегик ёндашуви ва мусобақага тайёргарлик даражаси яққол намоён бўлди.

Фахрий шахматчилар ўртасидаги беллашувда Жиззах вилояти вакили Ўктам Шералиев  ўзининг чуқур ҳисоб-китоблари ва босиқ ҳаракатлари билан 1-ўринни қўлга киритди. Бухоро вилоятидан Раҳмон Умаров  2-ўринни эгаллаган бўлса, 3-ўрин Андижон вилояти вакили Абдумуталиб Воҳидовга насиб этди. Мусобақада фаол иштирок этиб, барқарор натижа кўрсатган Иброҳим Хусанов (Андижон вилояти) “Энг яхши иштирокчи” сифатида эътироф этилди.

Эркаклар ўртасидаги пара шахмат беллашувлари ҳам юқори савияда ўтди. Тошкент шаҳри вакили Сардор Мамаражабов  муваффақиятли ўйини билан 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўрин Навоий вилоятидан Нурлан Отамуродовга, 3-ўрин эса Жиззах вилояти вакили Баҳодир Ғойибназаровга берилди.

Беллашувлар давомида ўзининг тайёргарлиги, фаоллиги ва интизоми билан ажралиб турган спортчилар — Суннатулла Маҳмудов  (Самарқанд), Абрай Ҳасанов (Сурхондарё), Амриддин Бурҳонов  (Жиззах) ва Рустам Абраев (Сурхондарё) — “Энг яхши иштирокчи” номинацияларига лойиқ деб топилди.

Аёллар ўртасида ўтган беллашувларда Қорақалпоғистон Республикасидан Селби Какишова 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўрин Тошкент вилояти вакили Айдана Абдуллаевага, 3-ўрин эса Тошкент шаҳридан Илтифот Абдулмажидовга берилди. Мусобақадаги фаол иштироки учун Каромат Жўраева  ва Ҳадича Равшанова  “Энг яхши иштирокчи” сифатида тақдирланишди.

Тантанали тақдирлаш маросимида Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буранов ғолиб ва совриндорларни табриклар экан, бундай чемпионатлар шахмат спортини ривожлантириш, спортчилар малакасини ошириш ва жисмоний имконияти чекланган спортчиларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири