Сўнгги йилларда мамлакатимизда чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида терини қайта ишлашдан тортиб ундан қўшилган қийматли, рақобатбардош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар олишгача бўлган барча босқичларни қамраб олувчи яхлит тизим яратилди.
Қишлоқ жойларида яшовчи юртдошларимизнинг кўпчилиги хонадонида чорва боқади. Шуни айтиш жоиз, чарм-пойабзал саноати учун кераклигича хомашё бор, бироқ, хомашёни қайта ишлаш йўлга қўйилмагани туфайли оёқ кийимларнинг асосий қисмини катта маблағ эвазига импорт қилар эдик. Айни вақтда хомашё импорт қилиниб, тайёр маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.
Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасини бошқариш тизими самарадорлигини ошириш, хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини диверсификациялаш ва экспорт қилинадиган товарларни кенгайтириш асосида уларнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида 2018 йил 3 майда давлатимиз раҳбарининг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга мувофиқ, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси “Ўзчармсаноат” уюшмаси этиб қайта ташкил этилди. Давлат томонидан қўллаб-қуватлашдан тортиб, халқаро сифат сертификатларини қўлга киритиш, янги бозорларга йўл олишга қаратилган ишлар соҳа ривожига замин бўлди.
2022 йил 26 февралдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тери хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида ундан юқори қўшилган қийматли тайёр чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни жадаллаштириш бўйича вазифалар белгиланди. 2026 йилга қадар чарм-пойабзал, жун ва мўйначилик маҳсулотлари экспортини 2,8 баробарга кўпайтириш режалаштирилди.
Президентимизнинг жорий йил 11 октябрдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2024–2026 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш ва хорижий брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш дастури тасдиқланди.
–Сўнгги йилларда соҳани ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида ишлаб чиқариш занжирининг узвийлиги таъминланди, – дейди “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев. – Бу борада “Хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида терини қайта ишлашдан тортиб ундан қўшилган қийматли, рақобатбардош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар олишгача бўлган барча босқичларни қамраб олувчи яхлит тизим яратилди. Бугунги кунда Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати Марказий Осиё ва МДҲда етакчилардан бири ҳисобланади. Осиёда “Made in Uzbekistan” бренди остидаги чарм-пойабзал маҳсулотлари ўз ўрнини топиб, кўпчилик, жумладан, минтақанинг етакчи ишлаб чиқарувчи давлатлари билан рақобатлаша бошлади. Шу билан бирга, чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорти 2017 йилдаги 85 миллион доллардан 2022 йилда 460 миллион долларга етди. 2023 йил охирига келиб бу кўрсаткич 600 миллион долларга етиши кутилмоқда.
Экспорт кўрсаткичларини янада ошириш ва жаҳон брендларини Ўзбекистонга кенг жалб этиш, Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатини жаҳон саноатига интеграциялаш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Бу вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб қўйилган. Стратегия доирасида мамлакатимиз чарм-пойабзал саноатига 30 дан ортиқ нуфузли хорижий брендларни жалб этган ҳолда тармоқ маҳсулотларининг қўшилган қийматини 5 баробар ошириш вазифаси юклатилган.
Бу борада илк натижалар қўлга киритилди. Мисол учун, Андижонда жойлашган “Sino International Invest” МЧЖ хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда аутсорсинг орқали “Nike” бренди остида кроссовкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани кўпчиликка маълум. Корхона маҳсулотлари бугунги кунда ички бозорга шунингдек, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон бозорларига етказиб берилмоқда. Келгуси йилдан эса Покистон ва Европа бозорларига экспорт қилиниши кутилмоқда.
Бундан ташқари, “Sitonni” ва “Clasica Shoes International” корхоналари Германиянинг “Berkemann”, “Solidus”, “Marc”, “Senbert”, “Everybody”, “Daumling”, “Finn Comfort” брендлари “аутсорсинг” ва “франчайзинг” асосида брендли маҳсулотлар ишлаб чиқариш тўғрисида келишувга эришган. Ҳамкорликдаги ишлар бошлаб юборилган.
Хорижий брендлар билан “аутсорсинг” ва “франчайзинг” форматида маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 30 га яқин таниқли хорижий брендларни мамлакатимизга жалб этиш чоралари кўриб борилмоқда.
Ушбу жараённи тезлаштириш учун LWG, SLF ва бошқа халқаро ташкилотлар сертификатларини олиш ишлари олиб борилмоқда. Дунёдаги энг йирик халқаро сертификатлаштириш ташкилотлари – Leather Working Group ва Sustainable Leather Foundation аъзосига айланган “Ўзчармсаноат” уюшмаси бу жараёнларда саноат корхоналарига ёрдам бермоқда. Натижада “Orient Technology” ва “Top Quality Brand” корхоналари LWG сертификатларини олди.
“MM Goodwill”, “Nafis Charm”, “Gold Leather Export Import”, “Peng Sheng Charm” ва “Hamkor Nur Savdo” корхоналари SLF ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Умуман олганда, агар 2022 йилда саноат корхоналари томонидан Европа Иттифоқи давлатларига 9 миллион доллардан зиёд тайёр чарм, пойабзал, чарм буюмлар ва сунъий чарм экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 24,6 миллион долларга етди.
Таъкидлаш жоизки, GSP+ преференциялар тизимидан фойдаланишни 2027 йилга қадар узайтирилгани соҳадаги тадбиркорларнинг Европага чиқишида янада кенг имкониятларни яратиб берди. Бугунги кунда чарм саноатида 10 турдаги маҳсулотлар GSP + тизими бўйича экспорт қилинаётган бўлса, келгуси йилдан бошлаб бу рўйхатни 30 турга етказиш кўзда тутилган. Шу мақсадда, соҳа корхоналарида ҳалқаро сифат менежменти (ISO) сертификатларини олиш бўйича тармоқ режалари тузилган бўлиб, унга мувофиқ, 100 га яқин корхоналар томонидан халқаро сертификат (ISO:9001) ўзлаштиришга эришилган бўлиб, 2024 йилда мазкур турдаги сертификатларни 200 дан зиёд корхоналарга татбиқ қилиш бўйича аниқ режа ва мақсадлар олдинга қўйилган.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси берган маълумотга кўра, чарм-пойабзал маҳсулотларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2022 йилда 5,6 триллион сўмга етказиш таъминланади. Жорий йил якуни билан соҳада 7,7 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2022 йил якуни билан 462 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йил якунига қадар сунъий чарм, пойабзал қолиплари ва пойабзал таглиги, чарм-пойабзал саноати учун кимёвий маҳсулотлар, ЕВА ва ПВХ хом-ашёлари, желатин, полиуретан, елим ва бошқа бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 70 га яқин янги корхоналар ташкил этилиши натижада 151,7 миллион долларлик қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда 102,5 миллион долларлик импорт ўрнини босиш имконияти яратилди.
Инвестиция лойиҳалари бўйича 2023 йилда жами 325 миллион долларлик 197 та инвестиция лойиҳалари ўзлаштирилади ва натижада 12 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда.
Соҳадаги инвестиция жозибадорлигини ошириш ва экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 2023-2025 йилларда умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ 769 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган ва бунинг натижасида 42 мингта янги иш ўринлари яратишга эришилади.
Уюшма томонидан 2024 йил учун белгилаб олинган режаларга мувофиқ, чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини камида 49,7 фоизга ошириш орқали 11 триллион 520 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, таннархни 5,2 фоизга камайтириб, 509 миллиард сўм маблағни иқтисод қилишга эришиш мақсад қилинган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатимиз чарм ва чарм-пойабзал соҳасида бунданда катта амалий ишлар қилинади. Хусусан, саноатнинг “драйвер” соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш мақсадида чарм-пойабзал саноатига 30 дан ортиқ нуфузли хорижий брендларни жалб қилиш ҳисобига қўшилган қиймат 5 баробарга оширилади. Келгуси 7 йилда соҳага қаратилган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон чарм ва чарм-пойабзал тармоғи янги бозорларни кашф этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА