Ўзбекистон Адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икромов Женева шаҳрида Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) Бош директори Дарен Танг билан учрашди.
Учрашувда М.Икромов Ўзбекистонда интеллектуал мулк аҳамияти, соҳада амалга оширилган ишлар ва ўзгаришлар ҳамда ёшлар, аёллар ва тадбиркорлар учун берилган кенг имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, 2025 йил 1 январга қадар миллий экспорт қилувчилар товарларининг келиб чиқиш жойлари ва географик кўрсаткичларини хорижда рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қопланиши, 2023 йил 1 январдан Ўзбекистонга айрим халқаро брендларни олиб кириш учун пасайтирилган божхона тўловлари ставкалари тасдиқлангани, 2023 йил 1 июндан 2025 йил 1 январгача “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги” ва “Туризм соҳасида фаолият юритувчи ҳунармандлар реестри”га киритилган ҳунармандлар учун товар белгиларини давлат рўйхатидан ўтказиш бепул қилингани ҳақида сўзлаб берди.
Дарен Танг Ўзбекистон Республикасида қилинаётган ишлардан хабардорлиги, ҳозирда ёшлар, аёллар ва тадбиркорларга оид давлат сиёсати БИМТнинг олдига қўйган режаларига тўғри келиши ҳамда Ўзбекистонни бу борада қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Учрашув давомида, БИМТнинг “ВИПО Алерт” платформасига қўшилиш мақсадида БИМТ Бош директори Д.Танг ва адлия вазири ўринбосари М.Икромов томонидан англашув меморандуми имзоланди.
Платформанинг асосий мақсадларидан бири қароқчи сайтларнинг рекламалар ёрдамида даромад топишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқини бузган веб-сайтлар тўғрисидаги маълумотлар рўйхатини шакллантириш ва маълумотларни Платформага аъзо бўлган давлатлардаги маҳаллий реклама агентликлари ва тадбиркорларга етказиш ҳисобланади.
Учрашув якунида интеллектуал мулк соҳасида юзага келаётган масалалар ва уларга ечимлар ҳамда келажакдаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА