French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон бренди билан коронавирусга қарши 1 миллион доза вакцина ишлаб чиқарилмоқда
16:04 / 2021-03-10

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Илмий лойиҳаларни грант асосида молиялаштириш» мавзуида ўтказилган пресс-конференцияда маълум қилинди.

Таъкидланганидек, ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илғор хорижий тажрибалар асосида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси механизми тўлиқ жорий этилди.  

Янги тартиб сифатида якуний маҳсулот ва молиялаштириш ҳажми аниқ бўлган тематик лойиҳаларга давлат буюртмаси бўйича танловларни мунтазам равишда эълон қилиш йўлга қўйилди. Танлов мавзуси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳадаги долзарб муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилиб, давлат буюртмаси сифатида эълон қилинади. Ҳар бир эълон қилинган мавзу бўйича давлат буюртмасининг молиявий ҳажми олдиндан белгиланади ва танловда камида иккита лойиҳа иштирок этиши талаб этилади. Натижада рақобат муҳити шаклланиб, доимий грант маблағларини олиш имкони яратилди.

Ҳозирда бир лойиҳани молиялаштириш 3,5 баробарга ошди ҳамда маблағларнинг камида 40 фоизини зарур асбоб-ускуналар, реагент ва материаллар сотиб олишга йўналтириш асосида ҳар бир илмий лойиҳа доирасида илмий мактаблар (янги илмий йўналишлар) ва замонавий илмий асбоб-ускуналар парки яратилмоқда.

Илмий лойиҳаларни экспертиза қилиш учун вазирлик ҳузурида таркиби даврий янгилаб бориладиган, жамоатчилик асосида фаолият юритадиган 18 фан йўналиши бўйича 450 малакали олим ва мутахассислардан иборат янги илмий-техник кенгашлар ташкил қилинган. Айни кунларда 102 та илмий ташкилот томонидан тавсия этилган 520 нафардан зиёд номзодлар орасидан Scopus ва Web of Science халқаро базаларида Хирш индексига эга 126 нафар олим танлаб олиниб, 18 та Илмий-техник кенгаш таркиби тўлиқ ротация қилинди. Бунда Кенгаш раислари, ўринбосарлари ва илмий котиблари ўрнига салоҳиятли, ёш ва халқаро тажрибага эга олимлар тайинланди. 36 нафар хорижлик олим Кенгашлар таркибига эксперт сифатида жалб қилинди.

2020 йилда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида йиллик молиялаштириш ҳажми 425 миллиард сўмлик 1 минг 313 та лойиҳа бажарилди, шу жумладан, 74,4 миллиард сўмлик 334 та фундаментал лойиҳа, 289,9 миллиард сўмлик 845 амалий лойиҳа, 41,3 миллиард сўмлик 81 та инновацион лойиҳа, 12,5 миллиард сўмлик 28 мақсадли лойиҳа, 6,9 миллиард сўмлик 25 халқаро қўшма лойиҳанинг бажарилиши таъминланди. Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ умумий қиймати 116,8 миллиард сўмлик 218 та лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди.

– Вазирлигимиз олимлари ҳамда хитойлик ҳамкорларимиз билан 4 миллион долларлик турли йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширдик, – дейди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. 

– Шулардан биттаси коронавирус касаллигига қарши вакцина ҳисобланади. Бу вакцина ўзбек олимлари ва Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилди. Бугунги кунда коронавирусга қарши вакциналар бутун дунёда тақчил ҳисобланади. Бу вакцинанинг бошқа вакциналардан фарқли жиҳати, вируснинг жуда кичик бўлаги олинган ва ўша кичик бўлаги организмга тушиб қолса бирорта реакция пайдо бўлмайди. Биз бу вакцинага ҳаммуаллиф бўлганимиз учун жорий йилнинг 15 мартигача 1 миллион доза ишлаб чиқариш келишувига эришдик. Ҳозирда 1 миллион дозалик ўзимизнинг UZ брендимиз, ўзбекча йўриқномалар билан вакцина ишлаб чиқарилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистлар саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА