2022 йил 27 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан божхона ходимлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини баҳолаш (KPI) тизими ишлаб чиқилган.
Ҳозирда тизим ходимлар фаолиятини аниқ, холис ва шаффоф баҳолаш, иш самарадорлигини ошириш, шахсий масъулиятини кучайтириш, шунингдек, самарали бошқарув қарорларини қабул қилишда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Озарбайжон божхона хизмати Ўзбекистонда божхона ходимлари фаолиятини баҳолаш бўйича жорий қилинган “Самарадорлик” (KPI) тизимига қизиқиш билдирмоқда.

Шу боис бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон божхона хизматлари вакилларининг видеоконференция тарзидаги учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси И.Мухторов ҳамда Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси Ш.Муршудов иштирок этди, дейилади Давлат божхона қўмитаси маълумотида.
Учрашувда озарбайжонлик ҳамкасбларга “Самарадорлик” (KPI) ахборот тизимини жорий этиш жараёнида амалга оширилган босқичлар, техник инфратузилма, дастурий таъминот ҳамда ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон божхона тизимидаги инновацион ёндашувлар ва замонавий бошқарув усулларига халқаро даражада қизиқиш ортаётгани илгари сурилаётган бошқарувда шахсий масъулият, очиқлик ва самарадорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
А.РУСТАМОВ, ЎзА