Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби билан учрашди
20:19 / 2022-10-11

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Бельгияда амалий ташриф билан бўлиб турибди.

А.Мавлонов Брюсселда Жаҳон божхона ташкилотининг «Ишда фаровонлик – инсон капиталига ғамхўрлик демакдир» шиори остида бўлиб ўтган Халқаро конференциясида иштирок этди.

Гибрид форматда ташкил этилган Глобал конференцияда 150 дан зиёд давлатдан 1,2 минг нафар иштирокчи бевосита ва онлайн тарзда қатнашди.

Давлат божхона қўмитаси раиси ушбу тадбирга махсус таклиф этилган ва у конференциянинг “Божхона соҳасида самарали бошқарув орқали фаровонлик экотизимини шакллантириш” мавзусидаги асосий панелида спикер сифатида иштирок этди.

ДБҚ раиси нафақат Марказий Осиё, балки МДҲга аъзо давлатларнинг божхона тузилмалари раҳбарлари ичида конференцияга спикер сифатида жалб қилинган ягона иштирокчи ҳисобланади.

А.Мавлонов билан бир сафда Перу божхонаси раҳбари, Жаҳон божхона ташкилотининг Шимолий ва Жанубий Америка ҳамда Кариб давлатлари бўйича минтақавий вице-президенти Марилу Ллерена, таниқли “P&O Consulting PwC” компанияси директори Тобиас Саттлер, Швейцариянинг иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти Савдога кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари Мартин Петерлар конференцияда спикер сифатида иштирок этмоқда.

Конференция доирасида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Куниа Микурианинг фақатгина Ўзбекистон делегацияси билан икки томонлама учрашув ўтказганининг ўзи ҳам мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида божхона соҳасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар халқаро жамоатчиликнинг диққат марказида эканини англатади.

ДБҚ раиси ўз чиқишида мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органлари ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб яшаш ва хизмат шароитларини муҳайё қилиш, ходимларнинг ўзларини тўла намоён қилишларига имкон бериш, пировардида уларда ўз касбига садоқат ва дахлдорлик ҳиссини кучайтириш борасида қилинган ишлар юзасидан атрофлича тўхталиб ўтди.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида халқаро сертификатга эга бўлган хорижий тилларни билувчи божхона ходимлари сони 5 баробарга, илмий изланишлар олиб бораётган ходимлар сони 2 баробарга ортди. 700 дан ортиқ ходим Жаҳон божхона ташкилотининг масофавий таълим платформаси орқали таҳсил олиб, халқаро сертификатга эга бўлди.

Табиийки, бу божхонадаги асосий кўрсаткичларнинг ошишига ижобий таъсир ўтказмоқда. Масалан, ҳозирга келиб давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 4 баробарга, божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлаш 7 баробарга, хусусан, гиёҳванд моддаларни аниқлаш 2,3 баробарга, нақд хорижий валюталарни аниқлаш 9,3 баробарга ортди.

Мавзу юзасидан Ўзбекистон тажрибаси бўйича тақдим этилган маълумотлар конференциянинг якуний ҳисоботи ва тавсияларига киритилади.

Ташриф давомида Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ва Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида бир қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, кадрларни тайёрлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишларида Жаҳон божхона ташкилоти мутахассисларининг Ўзбекистонда божхона органлари ходимларининг ўқув жараёнидаги иштирокини кучайтириш, Жаҳон божхона ташкилотининг ҳудудий ўқув марказларида Божхона институтининг профессор-ўқитувчилари учун мунтазам амалиётларни йўлга қўйиш, Жаҳон божхона ташкилотининг навбатдаги йиллик “PICARD” нуфузли халқаро конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билдирилди.

Ташрифи давомида А.Мавлонов йирик ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири Бельгиянинг йирик «Camco Technologies» компанияси раҳбари Вернер Питерс билан бўлиб ўтди.

«Camco Technologies» компанияси логистика терминаллари ва чегара ўтказиш пунктлари учун визуал терминал, дарвоза ва кранларни автоматлаштириш тизимларини ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади. Эндиликда компания контейнер ва вагонларни бошқаришда ҳам автоматлаштирилган тизимларни таклиф қилмоқда.

Учрашув сўнгида «Camco Technologies» компанияси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини режалаштириш ва конструктив муҳокамаларни ташкил этишга келишиб олинди.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА мухбири