Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон божхона постлари орқали бир кунда ўртача 11 минг 944 та автотранспорт воситаси ҳаракатланади
14:51 / 2023-08-15

Божхона қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон чегара божхона постлари орқали 2015 йилда бир кунда ўртача 878 та автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 13 бараварга ортган. Бир кунда ўртача 11 минг 944 та автотранспорт воситаси ҳаракатланади.

Чегараларимиз орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари сонининг ортганига қарамасдан, Божхона қўмитаси томонидан тизимни тўлиқ рақамлаштириш ва автоматлаштириш натижасида божхона ходимларнинг  чекланган сони доирасида божхона назоратидан ўтказишга эришилмоқда.  

Хусусан, Божхона қўмитаси томонидан “Е-Транзит” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга босқичма-босқич жорий  этилди.  

“Е-Транзит” ААТ дастури илғор технологиялар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги замон талабларига тўлиқ жавоб беради. Бунда, чегара божхона постида мавжуд давлат назорати органлари интеграциялаштирилган ҳолда ягона тизим бўйича хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.  

Энг муҳим жиҳати шундаки, илгари чегара ўтказиш пунктларида давлат назорати органлари томонидан хизмат фаолиятлари кетма-кетликда амалга оширилиб, фуқароларнинг ортиқча вақт сарфлашларига сабаб бўлган бўлса, эндиликда ушбу тизим тақдим этган имкониятлар натижасида давлат назорати органлари томонидан фуқароларга параллел равишда хизмат кўрсатилмоқда.  

Яъни, фуқаро бир давлат назорати органига ҳужжатларини тақдим этиши кифоя. Уларнинг ҳар бирига такрор мурожаат қилишга зарурат қолмади.    

Мазкур тизимнинг яна бир қулайлиги шундаки, бунда фуқаро томонидан чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётганда тўланиши лозим бўлган барча йиғимлар ва тўловлар автоматик равишда тизим томонидан ҳисоблаб чиқилади.  

Эндиликда фуқаролар чегара божхона постларида ҳар бир давлат назорати органлари учун алоҳида йиғим тўлаган ҳолда вақт йўқотиш муаммосидан халос бўлиб, чегара божхона постларидаги банк кассалари олдида навбат кутмасдан, мазкур йиғимларни постга етиб келмасданоқ онлайн равишда тўлаш имконияти яратилди.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2023 йил 1-ярим йиллик якунларига кўра, Божхона қўмитаси соҳани рақамлаштириш бўйича давлат бошқарув органлари орасида фахрли биринчи ўринни эгаллади.  

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА