Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил
15:37 / 2023-07-28

Наманганда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан ташкилот ва корхоналар ишчи-ходимларини рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.

Яқинда фонд тизимидаги меҳнат жамоалари учун Поп туманидаги тарихий ва табиий туристик манзиллар бўйлаб саёҳат ташкил қилинди. Поп – Наманган, қолаверса водий вилоятларини пойтахтимиз билан боғловчи ҳудуд ҳисобланади. Мазкур туман ўзининг табиати ва диққатга сазовор жойлари билан эътиборга молик. Баланд тоғлардан иборат ажойиб манзиллар кишига ўзгача завқ беради. Тарихий обидалар ҳам бисёр.  

Ҳазрати Боб Фарғоний зиёратгоҳи Наманган вилояти ҳокимининг 2011 йил 7 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ маданий мерос объекти сифатида давлат рўйхатига олинган. Ҳазрати Боб Фарғоний қадимий Фарғонанинг машҳур шайхларидан бўлиб, “Боб” тахаллуси билан ном қозонган. “Боб” сўзининг маъносига Муҳаммад Ғиёсиддин бин Жалолиддин ўзининг “Ғиёс ул-луғот” асарида араб тилидан таржима қилинган “дарвоза” маъносини англатишини баён этган. Парда Турсун қишлоғи сўлим табиати билан ажралиб туради. Қишлоқ аҳолисининг асосий даромад манбалари деҳқончилик, чорвачилик ва мавсумий дам олишни ташкил қилишдан иборат. Қишлоқнинг шимолий қисмларида инсон таъсири кам бўлган тоғ олди ва тоғли ҳудудлар бўлиб, бу ерлардан келгусида дам олиш масканлари ташкил қилинса мақсадга мувофиқ бўларди.  

– Ички туризмни ташкил қилишимиздан мақсадимиз, аввало Поп туманининг баҳаво жойларидаги аҳолининг яшаш шароити билан танишиш, шу орқали ёзнинг иссиқ кунлари табиатнинг сўлим гўшасида ҳордиқ чиқаришдир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлим бош мутахассиси Жобирхон Шокиров. – Келгусида вилоятимиздаги маҳалла тизимида ишловчи ходимлар ва фаолларни кўркам жойлар бўйлаб саёҳат уюштирмоқчимиз. Умуман олганда, Поп тумани бўйлаб ёзги дам олиш давомида вилоят юртимизнинг табиий туристик ҳудудларидан эканлиги ва табиатининг ўзига хослиги билан ажралиб туришини яна бир карра ҳис этдик.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА