Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида талабалар Фарғонага саёҳат қилди
14:21 / 2025-07-11

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида талабалар учун саёҳат ташкил этилди.

Ёшлар ўртасида тарихий-маданий меросни кенг тарғиб қилиш, талабаларда ватанпарварлик, миллий ғурур ва қадриятларга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган лойиҳанинг дастлабки босқичи мамлакатимизнинг энг қадимий ва бетакрор маданий меросга эга ҳудудларидан бири Фарғона водийсига амалга оширилди.

–Талабалар учун ташкил этилган мазкур саёҳатимиз ички туризм салоҳиятини очиб бериш, ёш авлодни вилоятлар ўртасидаги тарихий боғлиқлик, маданий хилма-хиллик ва урф-одатлар асосида тарбиялашга хизмат қилади,–деди ЖИДУ ёшлар ишлари офиси бош мутахассиси Сайёра Тиллахўжаева. – Хусусан, талабалар Фарғона, Марғилон ва Риштон шаҳарларига ташриф буюриб, вилоятнинг тарихий ёдгорликлари, амалий санъат марказлари, замонавий туризм инфратузилмаси ҳамда ҳунармандчилик анъаналари хусусида маълумотга эга бўлди.

Биламизки, Қўқон шаҳри Фарғона водийсининг юраги, қадимий тарихга эга. Бу жой маданият ва сиёсат маркази сифатида талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар Қўқон хонлиги давридаги меъморчилик ёдгорликлари, хусусан, Худоёрхон саройи, Норбўтабий мадрасаси, Жоме масжиди каби тарихий обидаларни зиёрат қилиб, Қўқон шаҳрининг ўзига хос маданий муҳити билан танишдилар.  

Шунингдек, Қўқон ҳунармандлар марказида миллий каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик санъати бўйича маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.

Марғилон қадимий ипак йўлининг муҳим марказларидан бири сифатида талабаларни ўзининг атлас ва адрас тўқиш анъаналари, ҳунармандлар маҳаллалари ва халқ амалий санъати музейлари билан ҳайратга солди. Ёшлар машҳур “Ёдгорлик” устахонасида атлас тўқиш жараёнини бевосита кузатиш ва ўзлари ҳам иштирок этиш имконига эга бўлишди.

Риштон кулолчилик санъатининг беқиёс намуналари билан донг таратган бу шаҳарда талабалар Риштон кулолларининг қўл меҳнати маҳсули бўлган ноёб сирли идишлар, миллий безак санъати ва авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчилик мактаби билан танишди.

Фарғона шаҳри эса ўзининг замонавий шаҳарсозлик ёндашувлари билан миллий ва замонавийлик уйғунлигини намоён этди. Талабалар шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, маданият марказлари ҳамда тарихий обидалари билан танишдилар.

Шунингдек, сафар доирасида алоҳида эътибор қаратилган жиҳатлардан бири “Бир оила – бир мақсад” лойиҳаси асосида ташкил этилган ота-оналар билан учрашувлар бўлди. Бу учрашувлар талабаларнинг таълим жараёнидаги муваффақиятлари, шахсий ривожи ва келажакдаги режалари бўйича очиқ мулоқот тарзида ўтди. Ота-оналар фарзандлари билан бир сафарда бўлиб, уларнинг билим олиши, маданий меросни ўрганиши ва ҳаётга жиддий ёндашувини бевосита кузатиш имконига эга бўлдилар.

Учрашувда оила ва таълим маскани ўртасидаги мустаҳкам алоқанинг ёшлар тарбиясидаги ҳал қилувчи ўрни ҳақида фикр алмашилди. Шу билан бирга, ота-оналар фарзандлари билим олаётган университет фаолияти, тарбиявий ёндашувлари ва ташкилий лойиҳалари ҳақида бевосита маълумот олдилар.

Мазкур сафар давомида нафақат тарихий-маданий масканларга ташрифлар, балки маданий-маърифий учрашувлар ва ҳунармандлар билан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. Бу эса талабаларнинг билимини бойитиш, тафаккурини кенгайтириш ва замонавий дунёқарашга эга мутахассислар сифатида шаклланишига хизмат қилади.

Лойиҳа республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган бўлиб, ҳар бир ташриф ёш авлод учун ўзига хос мактаб, бебаҳо хотираларга айланади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА