Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан республика бўйлаб савдо комплекслари, савдо-кўнгилочар марказлари, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа тадбиркорлик субъектларида кенг қамровли текширувлар ўтказилмоқда.
Текширувлар давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, инсонлар ҳаёти ва соғлигига хавф солиши мумкин бўлган объектлар фаолияти аниқланган камчиликлар бартараф этилгунига қадар вақтинчалик тўхтатилмоқда.
Хусусан, Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри Ислом Каримов кўчасида жойлашган савдо мажмуасида ўтказилган текширувда 68 та банддан иборат камчиликлар аниқланиб, объект раҳбарига ёзма кўрсатма берилди. Қўпол қоидабузарликлар сабаб болалар ўйингоҳи павильони фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Шунингдек, Бухоро вилоятида ўтказилган яна 3 та текширувда 87 та банддан иборат камчиликлар аниқланиб, 2 та бино ва айрим хоналарнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри “Ҳ.Олимжон” МФЙда жойлашган савдо марказида ўтказилган текширув натижасида 15 та банддан иборат камчиликлар қайд этилди. Қўпол қоидабузарликлар сабаб бинонинг 2-қаватида жойлашган умумий овқатланиш шохобчаси фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.
Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридаги “Намуна” МФЙда жойлашган савдо марказида ўтказилган текширувда 26 та банддан иборат камчиликлар аниқланиб, бинодаги ертўла омборхона фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Бундан ташқари, Термиз шаҳрида жойлашган “Инденим” савдо-кўнгилочар маркази фаолияти Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов томонидан вақтинча тўхтатилди.
ФВВ маълум қилишича, текширувлар давомида объектларда ўрнатилган автоматик ёнғин ўчириш ва ёнғин ҳақида хабар бериш тизимлари, эвакуация йўлаклари, ички ёнғин ўчириш жўмраклари ҳамда бирламчи ёнғин ўчириш воситаларининг мавжудлиги ва соз ҳолатда экани атрофлича ўрганилмоқда. Шунингдек, объект ходимлари билан ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур текширувлар 31 январь куни “Авиатор” савдо мажмуасида содир бўлган ёнғин оқибатида бир нафар фуқаро ҳалок бўлганидан сўнг кучайтирилган тартибда бошланган.
Ш.Маматуропова, ЎзА