Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш бўйича жаҳонда етакчи
20:19 / 2022-11-10

Келаётган ҳафтада юртимиз яна бир нуфузли анжуманга мезбонлик қилади. Жорий йил 14-16 ноябрь кунлари пойтахтимизда ЮНEСКОнинг Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича II Жаҳон конференцияси бўлиб ўтади.

Мазкур нуфузли анжуманда 150 га яқин давлатдан вакиллар иштирок этиши кутиляпти.

Ҳар 10 йилда бир марта ўтказиладиган мазкур анжуман БМТ шафелигида таълимни ўзгартириш бўйича яқинда ўтказилган саммитнинг мантиқий давоми сифатида асосий таълимга устувор эътибор қаратишни кўзлайди.

Форум олдидан ўтказилган брифингда журналистларга ташкилий жараён ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади кичик ёшдаги болалар таълимига киритиладиган сармоя ҳар бир бола ҳаётни адолатли бошлашини таъминлаш, эрта таълим соҳасидаги тенгсизликка қарши курашиш учун мамлакат амалга ошириши мумкин бўлган энг яхши лойиҳа экани қайд этилди. Зеро, болаларни бошланғич таълимга тайёрлаш, узлуксиз таълим олиш учун шарт-шароит яратиш учун замин яратиш жуда муҳим.

Бўлажак анжуманда давлат ва ҳукумат, тегишли вазирлик, идоралар, фуқаролик жамияти, халқаро ташкилотлар, хусусий сектор ва илмий доиралар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

- Тошкентда ўтказиладиган йирик анжуман саккиз ёшгача бўлган болалар учун киритиладиган сармояни кўпайтириш, тарбия, таълим бўйича қатор устувор йўналишларда янги мезонларни белгилашга ёрдам беради, - деди А.Шин. - Асосий натижа сифатида яқин ўн йилликда дунёда мактабгача таълимни ривожлантириш стратегиясини белгилаб берувчи Тошкент декларацияси қабул қилинади.

Ўтган ҳафта жаҳон оммавий ахборот воситалари эълон қилган халқаро тадқиқот натижасига кўра, Ўзбекистон 3-6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси ўсиши бўйича жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллаган. Кучли ўнликка Тожикистон, Беларусь, Финландия, Қозоғистон, Литва, Туркия, Швейцария, Польша ва Озарбайжон ҳам кирган.

ЮНEСКОнинг Тошкентда ўтадиган Жаҳон конференцияси мактабгача таълим йўналишида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғиб этиш, бу борадаги дунё тажрибасини чуқур таҳлил қилиш, ўрганиш имконини беради.

Гўзал Сатторова, ЎзА