Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида: глобал ташаббусларимиз амалда
13:17 / 2021-10-15

Ҳаммамизга маълумки, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (БМТ ИҲК) аъзолигига уч йиллик муддатга сайланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш 2006 йилда таъсис этилган бўлиб, БМТ тизимидаги ҳукуматлараро орган ҳисобланади.

ИҲК бутун дунёдаги барча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқиш, шунингдек, тегишли тавсияларни бериш учун масъулдир. Ҳозирги вақтда ИҲКга 47 та давлат аъзо.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк бор 2021 йилнинг 22 февралида бўлиб ўтган БМТ ИҲКнинг 46-сессиясида иштирок этди. Унда Давлатимиз раҳбари томонидан Пандемиянинг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғояси илгари сурилган эди.

Натижада, Женевада бўлиб ўтган БМТ ИҲКнинг 48-сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Ҳужжатни БМТ ИҲКга аъзо 47 давлатнинг барчаси бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Таъкидлаш жоизки, Резолюциянинг консенсус асосида қабул қилиниши Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган халқаро ташаббуслар ва ислоҳотлар дастурларининг халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганидан далолатдир.

Маълумот учун: БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси БМТнинг ёзма далолатномаси бўлиб, уни қабул қилишда Ассамблеянинг барча аъзолари иштирок этади ва унинг тасдиқланиши учун камида эллик фоиздан кўпроқ овоз талаб этилади.

Ассамблея томонидан қабул қилинган резолюциялар тавсиявий характерга эга бўлиб, мамлакатларнинг ҳеч бири уларга вето қўя олмайди. БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциялари катта маънавий ва сиёсий аҳамиятга эга ҳисобланади. Шунингдек, резолюцияларда дунёда бўлаётган долзарб муаммоларни ечишга қаратилган тавсиялар акс этади.

Пандемиянинг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюциянинг мақсади давлатларни ёшлар учун тенг имкониятлар яратишга, COVID-19 пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш нуқтаи назаридан уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда кўмаклашишга чақиришдан иборат.

Зеро, ёшлар ўз жамиятларида адолатли, тенг ҳуқуқли ва илғор имкониятлар ҳамда ечимларни талаб қилар экан, улар дуч келаётган кўп қиррали, яъни таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва гендер тенглиги соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш зарурати ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда.

Резолюцияда ИҲК томонидан давлатларга пандемия шароитида ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор тавсиялар келтирилган бўлиб, унда қуйидаги масалалар назарда тутилган:

– COVID-19 пандемиясига қарши курашиш жараёнида барча инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминлаш;

– ёшларнинг, шунингдек қизларнинг тўлиқ, узлуксиз ҳамда сифатли таълим олишини тенг равишда таъминлаш ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш, ёшларнинг таълим олиш, уни якунлаш ёки давом эттиришига тўсқинлик қиладиган камситувчи қонунлар ва амалиётларни бартараф этиш;

– қизлар ва ёш аёллар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек қизлар ва ёш аёлларга қарши камситиш ва зўравонликнинг барча шаклларини назарда тутадиган гендер стереотипларига қарши курашиш;

– пандемия ва ундан кейинги даврда ёшлар билан хавфсиз ва самарали ҳамкорликда ишлаш;

– ёшларнинг парламент, давлат бошқаруви органлари ва сиёсий партиялардаги ўрнини ошириш;

– COVID-19 пандемиясига қарши курашни кучайтириш учун ёшларнинг салоҳиятини тан олиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда, жумладан, стратегиялар, дастурларни ишлаб чиқиш, хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожлантириш соҳасида кун тартибини амалга оширишда тегишли қарор қабул қилиш ва мониторинг жараёнларида ёшларнинг тўлиқ, самарали, тизимли ва барқарор иштирокини таъминлаш бўйича янги ташаббусларни амалга оширишга кўмаклашиш.

ПАНДЕМИЯНИНГ ЁШЛАРГА ТАЪСИРИ

Статистик маълумотларга юзланадиган бўлсак, бугунги кунда дунёда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган 1,2 миллиард нафар ёшлар мавжуд бўлиб, улар дунё аҳолисининг 16 фоизини ташкил этади. 2030 йилга келиб, ёшлар сони 7 фоизга ошиб, қарийб 1,3 млрд. кишига етиши тахмин қилинмоқда.

Пандемия бутун дунё бўйлаб мисли кўрилмаган иш ўринларининг йўқотилишига олиб келди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, 2020 йилнинг апрель-июнь ойлари орасида

495 миллион доимий иш ўринлари йўқотилган. Пандемия бошланганидан буён ёшларнинг олтидан бир қисмидан зиёди иш фаолиятини тўхтатди.

Иқтисодиётнинг норасмий секторидаги ишчиларнинг аксарияти аёллар бўлиб, унда дунёдаги ёш ишчиларнинг тўртдан уч қисмидан кўпроғи фаолият юритади. Қолаверса, улар меҳмонхона бизнеси ва умумий овқатланиш хизматлари каби пандемия таъсиридан энг кўп азият чеккан соҳаларда ишчиларнинг номутаносиб равишда катта қисмини ташкил қилади. Бу соҳадаги ишчилар изоляция режимларининг жорий этилиши натижасида жиддий зарар кўрдилар.

Шунингдек, пандемия натижасида бутун дунё бўйлаб таълим олиш ҳуқуқига ҳам путур етди. Мактабларнинг оммавий равишда ёпилиши 190 дан ортиқ мамлакатларда 1,6 миллиардга яқин ўқувчиларга таъсир кўрсатди. Уйда қулай шарт-шароит ва тегишли ресурсларга, шу жумладан, Интернетга кириш имкониятига эга бўлмаганлар учун бунинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши ҳамда ёшлар ҳаётининг қолган қисмига таъсир қилиши мумкин.

РЕЗОЛЮЦИЯНИНГ ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ НИМАЛАРГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ?

Биринчидан, давлатларнинг COVID-19 пандемиясига қарши кураш жараёнида ёшлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминлашга эришилади.

Иккинчидан, давлатларни ёшларнинг узлуксиз ҳамда сифатли таълим олишини тенг равишда таъминлашга чақиради. Умуман, пандемия шароитида таълим соҳасини янги босқичга олиб чиқиб, унда илғор технологияларнинг қўлланилишига шароит яратилади.

Чунки пандемия даврида таълим муассасаларининг ёпилиши натижасида аксарият ёшлар масофавий таълим олиш имкониятига эга эмас эдилар. Бунинг устига, таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш учун онлайн таълим воситаларидан ортиқча фойдаланиш тенгсизликни келтириб чиқаради. Дарҳақиқат, ЮНEСКО томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, COVID-19 пандемияси натижасида мактаб таълими билан боғлиқ бўлмаган ўқувчилар умумий сонининг ярми (826 млн киши) уйда компьютерга эга эмас, 43 фоиз ўқувчилар эса

(706 млн киши) уйда Интернетга кириш имконига эга эмас.

Учинчидан, ёшларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда давлат томонидан уларга афзалликлар берилишига ҳисса қўшилади. Зеро, БМТнинг маълумотларига қараганда, ёшларнинг иш ўринларини йўқотиш эҳтимоли катта ёшдагиларга қараганда уч баробар кўпроқ. Масалан, 2017 йилда дунёда ёшлар орасида ишсизлик даражаси 13 фоизни ташкил этган. Шунингдек, кўпгина ёшлар кам ҳақ тўланадиган ва барқарор бўлмаган ишларда, кўпинча норасмий тармоқларда фаолият юритадилар.

Ҳолбуки, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг саккизинчиси — муносиб иш ва иқтисодий ўсишга бағишланган бўлиб, унда қуйидагилар назарда тутилган:

2030 йилга келиб, барча аёл ва эркаклар, шу жумладан, ёшлар ҳамда ногиронларни тўлиқ бандлик, муносиб иш, шунингдек тенг қийматли иш учун тенг равишдаги тўлов билан таъминлаш;

2020 йилга келиб, ишсиз, таълим олмаган ёки касбий тайёргарлиги йўқ ёшлар улушини сезиларли даражада камайтириш.

Тўртинчидан, давлатлар ёшларнинг пандемия ва ундан кейинги даврда ўз ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларини ҳал қилишда БМТ томонидан ишлаб чиқилган илғор амалиётлардан фойдаланадилар.

Бешинчидан, ёшларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун туртки бўлади.

Олтинчидан, давлат бошқарувида, шунингдек, парламентда ёшлар ролининг ўсишига эришилади. Парламентлараро Иттифоқнинг миллий парламентларда ёшларнинг иштироки ҳақидаги сўнгги ҳисоботида келтирилишича, дунёда 30 ёшгача бўлган депутатларнинг улуши 2,6 фоизга етган. Бу икки йил аввалгидан кўра 0,4 фоизга кўп дегани. Бироқ дунё аҳолисининг 50 фоизи 30 ёшдан кичик эканлигини ҳисобга олсак, дунё бўйлаб ёшларнинг сиёсий вакиллиги сезиларли даражада кам улушга эга эканлигини кўришимиз мумкин.

Еттинчидан, қизлар ва ёш аёлларга қарши камситиш ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклига қарши курашишга даъват этилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз мумкинки, мамлакатларнинг COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири тўғрисидаги резолюцияда келтирилган тавсияларга амал қилиши — ёшларнинг ўз ҳуқуқларидан максимал даражада фойдаланиши, иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун зарур бўлган таълим ва кўникмаларни олиши ҳамда уларнинг меҳнат бозорларига кириши, шунингдек уларнинг сиёсий фаоллигини оширишлари учун шароит яратади.  

Жавоҳир Сафоев,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти етакчи илмий ходими