French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари янада ривожланади
20:38 / 2022-11-14

2022 йил 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳалари дастлаб сиёсий партияларнинг парламентдаги барча фракциялари йиғилишларида атрофлича муҳокамалардан ўтган.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов бошчилигида ҳукумат аъзолари иштирок этиб, қонун лойиҳалари юзасидан ахборот бердилар. Фракциялар аъзолари ўзларини қизиқтирган барча саволларга тегишли ҳукумат аъзоларидан аниқ жавоблар олишди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида самарали халқаро ҳамкорлик ўрнатишга, бунда энг аввало миллий манфаатларимиз, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнда очиқ ва амалий, фаол ташқи сиёсат олиб борилаётгани туфайли Ўзбекистон халқаро миқёсда ишончли ҳамкор сифатида тан олинмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва доимий қўллаб-қувватлаши туфайли қисқа вақт ичида мамлакатимиз ва қўшни давлатлар чегара чизиқларининг энг мураккаб ҳудудлари бўйича ўзаро мақбул ечимлар топишга эришилмоқда.

Сўнгги йилларда яқин қўшниларимиз билан юқори даражада самимий мулоқотлар ўрнатилди. Бу, ўз навбатида, минтақа давлатлари билан қўшничилик, қардошлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ўтказилмоқда. Ушбу форматда олиб борилаётган мулоқот минтақа давлатлари ўртасидаги стратегик шериклик, дўстлик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

[gallery-9575]

Хусусан, мамлакатларимизни боғлаб турган муҳим транспорт йўлаклари қайта тикланди, янги автомобиль ва ҳаво йўллари очилди, чегараларимиздаги ўтказиш пунктлари фаолияти қайта йўлга қўйилди. Бу, албатта, кўп асрлик тарихи, маданияти ва маънавий қадриятлари бир-бирига чамбарчас боғланган минтақа халқларининг абадий дўстлиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мажлисда қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қирғизистон билан ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ва доимий мустаҳкамлаб бориш устуворлик касб этади.

Шу маънода икки мамлакат Президентларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда кўп қиррали ўзбек-қирғиз муносабатлари янги даражага кўтарилди. Давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги сунъий тўсиқлар бартараф этилди, чинакам борди-келди алоқалари тикланди. Икки томонлама ҳамкорликнинг табиати ва мазмуни тубдан ўзгарди, ўзаро ишонч мустаҳкамланди.

Мазкур жараёнда кўплаб долзарб масалаларнинг ечим топиши натижасида кейинги пайтда савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Маданий-маърифий тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказиб келинаётгани мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Икки давлат парламентлари ўртасида доимий равишда ўзаро тажриба алмашинувлари ва учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Ушбу парламентлараро мулоқот давомида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, миллий қонунчиликни яқинлаштириш, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий, маданий-маърифий соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришда халқ вакилларининг ўрни ва ролини ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳалари билан ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкасини ўз ичига олган умумий узунлиги 302,29 километрдан иборат чегара чизиғини делимитация қилиш ишларини якунига етказиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартнома”ни ратификация қилиш белгиланмоқда.

Депутатлар таъкидлаганидек, ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши Ўзбекистон билан Қирғизистон давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга, ўзбек-қирғиз Давлат чегарасини белгилаш борасидаги масалалар тўлиқ ўз ечимини топишга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатларимизнинг савдо, сармоявий, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш, экология, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда мавжуд улкан салоҳиятдан фойдаланиш имконини беради.

Бундан ташқари, чегара савдо-саноат зоналарини ташкил этиш, кичик ва ўрта бизнесни жонлантириш, ҳудудлараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа янги йўналишларини шакллантириш учун катта имкониятлар очилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қабул қилинди.

ЎзА