Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон билан Индонезия ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди
21:48 / 2021-05-17

Индонезия Республикаси парламенти Вакиллар палатаси Спикери ўринбосари Раҳмат Гобель бошчилигидагu делегация 17 май куни “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти билан учрашди. Учрашувда ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон ва Индонезия Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганлиги, жумладан, 2020 йилда Индонезия Республикасига 90 минг тонна калий минерал ўғити етказиб берилганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, суҳбат чоғида кимё маҳсулотлари, яъни карбамид, азот кислотаси, каустик сода ва бошқа турдаги кимёвий маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш ҳамда импорт бўйича шина ва конвейер ленталарини ишлаб чиқариш учун Индонезиядан йилига 5000 тонна табиий каучук маҳсулотини сотиб олиш таклифи илгари сурилди.

Раҳмат Гобель бугунги кунда Индонезияда минерал ўғитларга бўлган талаб йилига 15 миллион тоннани ташкил этаётгани, шунинг асосий қисми мураккаб турдаги минерал ўғитларга тўғри келишини таъкидлади. Шу сабабли Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор эканлигини айтиб ўтди.

Ўз навбатида, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан калийли минерал ўғитларни Индонезия Республикасига экспорт қилишни келгусида йилига 100-200 минг тоннага оширишга тайёрлиги маълум қилиниб, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни воситачи ташкилотлар орқали эмас, балки тўғридан-тўғри амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлиши айтиб ўтилди.

“Навоийазот” АЖда ишга туширилган янги карбамид маҳсулоти бугунги кунда Туркия ва Украинага экспорт қилинмоқда. Яқин келажакда 100-200 минг тонна карбамид маҳсулотини Жанубий-Шарқий Осиё давлатларига, жумладан Индонезия Республикасига экспорт қилиш имконияти борлиги маълум қилинди.

Шу билан бирга, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан Ўзбекистонда йилига бир миллион тонна пахта толаси етиштирилиши ва уни қайта ишлаш кўрсаткичлари оширилишини, ҳамда аралашма матолар ишлаб чиқариш учун, Индонезия компаниялари билан ҳамкорликда полиэстер, вискоза ва ацетат толаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таклиф билдирилди.

Учрашув давомида “Деҳқонобод калий заводи” АЖни хусусийлаштириш жараёнида Индонезия компаниялари, хусусан Pupuk Indonesia холдинг компанияси иштирок этиб, келажакда ишлаб чиқариш қувватларини биргаликда ошириш ҳисобига Индонезия Республикасига калийли ўғитлар экспорти ҳажмини ошириш фикри билдирилди.

Кимё маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, ўзаро савдо операцияларини кенгайтириш мақсадида Индонезия Республикасида “Ўзкимёсаноат” АЖнинг расмий савдо уйини очишни ўрганиб чиқиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Саидмурод Раҳимов, ЎзА