Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон бешта энг илғор ўзгаришларни амалга оширган давлатлар қаторида
11:09 / 2024-03-05

Жаҳон банки ўзининг “Aёллар, бизнес ва қонун” йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда ҳуқуқий соҳада гендер тенгликка эришиш йўлидаги жаҳон тараққиёти баҳоланади. Ҳужжат 190 та давлатда, жумладан, Ўзбекистонда аёлларнинг аҳволини 10 та кўрсаткич: “хавфсизлик”, “ҳаракатланиш эркинлиги”, “бандлик”, “меҳнатга ҳақ тўлаш”, “никоҳ”, “ота-оналик”, “болаларни парваришлаш”, “тадбиркорлик”, “мулкни бошқариш” ва “пенсия таъминоти” бўйича баҳоловчи индексни ўз ичига олади.

“Aёллар, бизнес ва қонун” ҳисоботининг охирги нашри 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 октябргача бўлган даврда мамлакатлар қонунчилигидаги тегишли ўзгаришларни баҳолайди. Бу даврда дунёдаги атиги 18 та давлат юқоридаги кўрсаткичлар доирасида аёлларнинг мавқеини яхшилаган ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди.  

Умуман олганда ушбу 18 та мамлакат гендер тенглигига эришишга қаратилган 47 та ислоҳотни амалга оширди. Хусусан, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги бешта мамлакат, жумладан Ўзбекистон, Aрманистон, Озарбайжон, Кипр ва Молдовада тўққизта шундай ислоҳот амалга оширилди.  

Ўзбекистон Иордания, Малайзия, Серра-Леоне ва Того билан биргаликда энг катта муваффақиятга эришган беш давлат қаторидан жой олди. 2022 йил октябрь ойидан буён мамлакатда хотин-қизларнинг мавқеини оширишга қаратилган тўртта муҳим ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди.  

Ушбу ислоҳотлар, хусусан иккита асосий кўрсаткич – “меҳнатга ҳақ тўлаш” ва “никоҳ” доирасида мамлакатнинг рейтингдаги ўрнини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди. Бу Ўзбекистон рейтингининг 11,9 пунктга кўтарилишига олиб келди ва мамлакат “Aёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида максимал 100 баллдан 82,5 балл тўплаган. Ўзбекистон Сингапур, Туркия ва Бирлашган Aраб Aмирликлари билан бир хил балл тўплади, шунингдек Марказий Осиёда энг яхши натижаларни кўрсатди.  

Хусусан, Ўзбекистонда аёлларга эркаклар билан бир хил қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинди. 2022 йил октябрь ойида меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва конвенцияларга мос келадиган ушбу қоидаларни ўз ичига олган янги Меҳнат кодекси қабул қилинди.  

Бундан ташқари, Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. 2023 йил апрель ойида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга оиладаги зўравонликка, жумладан, оилавий муносабатлардаги жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашиш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.  

– Жаҳон банки “Aёллар, бизнес ва қонун” ҳисоботининг охирги нашрида таъкидланган Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш борасида эришган ютуқларини олқишлайди. Яқинда амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар аёлларнинг фуқаролик, меҳнат ва иқтисодий ҳуқуқларини сезиларли даражада кенгайтирди, – деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова. – Биз ҳукуматга зарур молиявий ва таҳлилий кўмак кўрсатиш орқали ушбу ислоҳотларни амалга оширишга мамнуният билан ўз ҳиссамизни қўшдик. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги кейинги саъй-ҳаракатлар, жинсидан қатъий назар барча фуқаролар учун бир хил имкониятлар яратадиган янада адолатли ва фаровон жамият барпо этишга хизмат қилади.  

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизматига кўра, Жаҳон банки ҳукуматга зарур таҳлилий ва молиявий кўмак кўрсатиш орқали “Aёллар, бизнес ва қонун 2024” ҳисоботида таъкидланган Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.  

Бу банк томонидан турли ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муҳим ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 ва 2023 йилларда амалга оширилган мамлакатда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича операцияларни ўз ичига олади.  

Н.Усмонова, ЎзА