Фарғона яна бир форумга мезбонлик қилмоқда. Бу гал Фарғонада “Инновацион ҳамкорлик: олий ва касбий таълим масалалари бўйича Ўзбекистон ва Беларусь форуми” бўлиб ўтмоқда. Унинг иштирокчилари бўлган Беларуснинг элликка яқин олий ва касбий таълим ўқув юртларининг ректор ҳамда директорларини мамлакатимиздаги ҳамкасблари тантанали кутиб олдилар.
Шу ернинг ўзида фарғоналик талабалар ижросида янграган белорусча қўшиқ тадбирга ўзгача кўтаринки руҳ бағишлади.
Фарғона давлат университетида Беларусь халқ шоири “Якуб Колас аудиторияси” тантанали суратда очилди. Бу ерга шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги экспонатлар қўйилган. Беларусдан келган меҳмонлар Ўзбекистонда Якуб Коласга бўлган иззат-икромдан ҳайратга тушдилар.

Фарғона давлат университети ўқитувчи ва талабалари дронларни ясаш ва бошқариш марказига асос солган эдилар. Форум қатнашчилари бу кўргазмани завқ билан томоша қилди. Айниқса, дронларнинг фавқулодда вазият ва шароитлардаги кўргазмали ҳаракати беларусь олимларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон – Беларусь олий ҳамда касбий таълим иккинчи форумининг ялпи йиғилиши бўлиб ўтди.

– Барча соҳаларда бўлгани каби таълимдаги ҳамкорлик ҳам икки давлат президентларининг ташаббуслари натижасидир, – дейди Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сарвар Ражабов. – Саккиз йил аввал биринчи форумда қабул қилинган барча келишувлар, жумладан талабалар алмашинуви, ўқитувчи- профессорлар малакасини ошириш, илмий лойиҳаларнинг ҳамкорликдаги ижроси – булар энди ўтмиш. Бугун биз эртанги кун режаларини тузамиз.
Форумда сўзга чиққанлар икки мамлакат олий ва касбий таълим тизимидаги ҳамкорлик айниқса, шу кунлар учун ўта муҳимлигини таъкидладилар.

– Беларусь университетларида саноат ва информацион технология соҳалари жуда ривожланган. Маълумки, олий таълим илм ва юқори инновациялардан алоҳида ривожлана олмайди, – дейди Ўзбекистон Миллий университети ректори Иномжон Мажидов. – Беларусда бундан ташқари касбий таълим ҳам юқори даражада. Мутахассисликларни такомиллаштириш, университет ва коллежларда замонавий лабораториялар яратиш, илмий тадқиқотлар – буларнинг ҳаммасини биргаликда олиб боришади. Агар биз бу соҳаларда ҳамкорлик қилсак, ҳар икки томонга фойдали. Пировард натижада талабалар малакали мутахассис бўлиб етишади.
Маълумки, Ўзбекистонда касбий таълим техникумлари иш бошлади. Уларга тажриба ва малака, дастурлар зарур. Беларусда эса махсус ихтисослашган касбий таълим институти мавжуд ва у ўз хизматларини таклиф этди.

– Ўзбекистонлик коллеж битирувчиларига Беларусь олий ўқув юртларида кундузги ёки масофавий олий таълим олиш имкониятини таклиф этяпмиз. Бу соҳада, айниқса, масофавий услубда таълим беришда катта тажрибага эгамиз, – дейди Гродно давлат университети ректори Ирина Китурко. – 25 йилдан буён дунёнинг қатор мамлакатлари ёшлари бизнинг олий ўқув юртида таҳсил олиб бакалавр дипломига эга бўлдилар. Ўзбекистонда касбий ўрта таълим олган йигит-қизларга бизнинг университетимизни тугатгач халқаро мақомдаги олий таълим дипломи берилади.
Форумнинг дастлабки ялпи мажлиси натижалари шундай бўлди: энди Ўзбекистон ва Беларусь олий ўқув юртлари талабалар алмашинувини бир йилгача муддатга белгилашлари мумкин. Беларусь касбий таълим тизими Ўзбекистон техникумлари учун қўлланма, дарслик, услубиятда ҳамкорлик қиладилар, икки давлат олимлари мавзуларни биргаликда тадқиқ қилиш марказларини тузади.

Форум давомида Ўзбекистон ва Беларусь олий ва касбий таълим тизими раҳбарлари келишувлар юзасидан йўл харитасини алмашдилар.
– Биз аввало ҳар қандай бюрократиядан ташқарида бўлган минтақалараро тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилишидан манфаатдормиз. Икки давлат раҳбарлари олиб бораётган сиёсат ҳам айнан минтақаларнинг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилгани қувончлидир, – дейди Беларусь информацион технологиялар ва радиоэлектроника университети ректори Вадим Богуш. – Жумладан, Ўзбекистон-Беларусь таълим соҳасида ҳам мана шундай ҳамкорлик асоси яратилган. Бугунги каби форумлар юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, илм- фанни ривожлантириш, касбий таълимга урғу бериш каби масалаларни ҳал этишда катта аҳамиятга эга. Ўйлайманки, ўзбек талабаларининг Беларусда ва Беларусь ёшларининг Ўзбекистонда таълим олиши давлатлараро стратегик сиёсатнинг бир йўналишидир.
Бағрикенглик, миллатлараро ҳамжиҳатлик биргаликда яратилган боғларда ҳам ифодасини топади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Форум ташкилотчиси манзилида Ўзбекистон–Беларусь таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг “Дўстлик боғига” асос солинди.
Форум эртага ўз ишини давом эттиради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GzVoTWvsJf4" title="O‘zbekiston–Belarus: oliy va kasbiy ta’limdagi hamkorlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА