Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Беларус илмий-техник ҳамкорлиги дастури доирасида 15 лойиҳа амалга оширилган
12:04 / 2021-10-30

Ўзбекистон-Беларусь илм-фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишга инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Беларусь Республикаси Илм-фан ва технологиялар бўйича давлат комитети раиси Александр Шумилин раислик қилди.

Александр Шумилин аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари муваффақиятли ўтгани билан йиғилиш иштирокчиларини қутлади.

Анжуманда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги илмий-техник ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, илмий-техник ҳамкорлик йўналишларини фаоллаштириш, 2019 – 2021 йиллар давомида амалга оширилган қўшма илмий лойиҳаларнинг бажарилиши ҳолати, қўшма илмий лойиҳалар танлови натижалари, 2021 – 2023 йилда бажарилиши лозим бўлган илмий лойиҳалар, шунингдек, ҳамкорликда ташкил этиладиган бошқа тадбирлар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, 2019-2021 йилларда Ўзбекистон-Беларусь илмий-техник ҳамкорлиги дастури доирасида 15 та лойиҳа бажарилди ва уларнинг якунларига кўра қатор муҳим илмий натижалар олинди. Эндиликда эса мазкур лойиҳаларнинг тижоратлаштириш жараёни ташкил қилинишига қўшимча молиялаштириш талаб этилади.

Тадбирда ушбу масала кўриб чиқилиб, ушбу лойиҳалар натижасида олинган илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга тайёрлаш учун қўшимча маблағлар ажратилиши бўйича келишувга эришилди. Томонлар ўртасида 2021-2023 йилларда қўшма илмий лойиҳалар сонини 30 тага етказишга келишилди. Жорий йил якунига қадар 50 нафар ёш олимни Беларусь илмий муассасаларига стажировкага юбориш ва кейинги йилларда уларнинг сонини ошириш лозимлиги қайд этилди.

Тадбир давомидаги муҳокамалар натижасида ҳамкорликда амалга ошириладиган илмий йўналишлар тасдиқланди. Жумладан, энергетика ва энергияни тежаш, тиббиёт ва тиббий технологиялар, фармацевтика ва фармакология, нано ва биотехнологиялар, кимёвий технологиялар, янги материаллар, рақамли иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги, агросаноат технологиялари, табаитни оқилона бошқариш (табиатдан оқилона фойдаланиш), табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, сув ресурсларини бошқариш технологиялари, фойдали қазилмаларни олиш технологиялари, лазер технологиялари ва фотоника устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Таъкидланишича, келажакда Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлигида қўшма стартаплар танлови эълон қилинади ва пойтахтимизда янги барпо этилган “INNO” технопарки базасида стартаплар фаолияти ташкил этилади. Икки давлат томонидан илм-фан соҳасидаги конференциялар, форумлар, кўргазмалар, тажриба алмашинуви дастурлари сони ошириб борилади.

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА