Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Беларусь бизнес форумида қиймати 15 миллион долларлик битимлар имзоланди
21:51 / 2022-04-25

Тошкентда Ўзбекистон – Беларусь бизнес форуми ва икки мамлакат ишбилармонларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Бош вазир Роман Головченко бошчилигидаги Беларусь Республикаси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилган ушбу тадбир мамлакатларимиз иқтисодий салоҳияти ва кўп қиррали ўзаро ҳамкорлиги кўламини яққол намоён этди.

Икки давлат вазирлик, идоралари, бизнес доиралари ҳамда саноат бирлашмалари вакиллари иштирок этган анжуманда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.

Ҳар икки томон тадбиркорларига қўшимча имконият яратиш муҳимлиги маъқулланди. Мамлакатимизда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ўзаро манфаатли савдо битимлари тузиш имконияти кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов республика иқтисодиётида хусусий секторнинг ролини оширишга катта эътибор қаратилаётгани, шу муносабат билан инвестиция соҳасини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар фаол ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётганини таъкидлади.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субектларига солиқ юкини камайтириш, хусусий мулк ва хорижий капитални ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмини кучайтириш, шунингдек, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар негизида мавжуд иқтисодий захира имкониятларини аниқлаш, бундай ресурслардан оқилона фойдаланиш каби масалалар ҳам диққат марказида бўлди.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, биотиббиёт ва ахборот технологиялари соҳалари санаб ўтилди.

Қайд этиш керак, мамлакатимизнинг Беларусь Республикаси билан савдо-иқтисодий муносабатлари изчил ривожланмоқда. Масалан, 2017 йилдан буён икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида умумий ҳисобда 25 дан зиёд ташриф амалга оширилган. 2018-2019 йилларда олий даражадаги ташрифлар доирасида форум ва миллий кўргазма тадбирлари ўтказилган.

Бугунги кунга келиб Ўзбекистон ҳудудида Беларусь иштирокидаги 107 корхона фаолият юритяпти.

Анжуманда, шунингдек, тегишли тармоқ бирлашмалари раҳбарларининг тақдимот тарзидаги маърузалари тингланди.

Йигирмадан ортиқ саноат корхонаси иштирок этган форум якунида Ўзбекистон ва Беларусь компаниялари ўртасида умумий қиймати 15 миллион доллардан ошадиган еттита битим имзоланди.

В2В шаклидаги учрашувлар икки томон бизнес вакилларига ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этиш, экспорт салоҳияти ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашиш имконини яратди.

[gallery-6805]

Беҳруз Худойбердиев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА