Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон байроғи VII “Осиё болалари” иштирокчиларига топширилди
10:39 / 2022-07-25

Хабар берганимиздек, яна 4 кундан сўнг Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида VII “Осиё болалари” спорт ўйинлари бошланади.

14-16 ёшли ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтадиган “Осиё болалари” спорт ўйинларида мамлакатимизнинг 174 нафар, шудан 101 нафар ўғил бола, 73 нафар қизлардан иборат жамоа 17 та спорт тури бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. 

24 июль куни пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турлари марказида Владивосток мусобақаларида қатнашадиган ёш спортчиларни “Осиё болалари” спорт ўйинларига кузатиш маросими ташкил этилди.

Унда спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, вазир ўринбосарлари Шаҳрулло Маҳмудов ва Муроджон Исмоилов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосарлари Шерзод Тошматов ва Азиз Комилов, таниқли спортчилар, мутасаддилар, спортчиларнинг ота-оналари иштирок этди. 

Вазир мамлакатимиз спорт делегациясининг байроқдори, бокс бўйича Осиё чемпиони Темур Абдуваҳобовга Ўзбекистон байроғини тантанали равишда топширди. 

Маросимда Олимпия ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашитов, Рио-2016 Олимпиадаси совриндори, профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев, спортчиларнинг ота-оналари номидан Насиба Саидваққосовалар сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан ёш спортчиларга берилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларга муносиб бўлиш, нуфузли мусобақада мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш бўйича ўз фикрларини билдирди.  

Эслатиб ўтамиз, “Осиё болалари” ўйинларида 10 тадан зиёд мамлакатнинг 1 минг 400 нафарга яқин спортчилари 19 та спорт туридаги 273 та медаллар жамланмаси учун баҳс олиб боради. Ўйинлар 28 июль – 8 август кунлари бўлиб ўтади. 

Ўзбекистон спорт делегацияси Владивостокка 27 июль куни жўнаб кетади. 


Т.Рўзиев, ЎзА