Бугун жаҳоннинг турли мамлакатларидаги юртдошларимиз билан бир қаторда, Хитой Халқ Республикасидаги Ўзбекистон элчихонасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган байроғимиз – мустақиллик, тинчлик, бирлик ва тараққиёт йўлидаги қатъий иродамизни ифода этувчи муқаддас миллий рамз сифатида юртимиз тарихида алоҳида ўрин тутади.

Тадбирда Хитойда фаолият юритаётган юртдошлар, талабалар, мутахассислар ва элчихона ходимлари иштирок этди. Байрам очилишида байроқнинг тарихий аҳамияти, унинг ранг ва белгиларининг маъноси ҳақида маълумотлар берилди. Ушбу рамз халқимизнинг шаън-шуҳрати, фаровон келажакка ишончи ва миллий ғурури тимсоли эканлиги алоҳида таъкидланди.
Элчихона ҳовлисида байроқ кўтарилиши маросими, умумий суратлар, самимий суҳбатлар ва юртдошларни бирлаштирган байрамона муҳит тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
Иштирокчилар хорижда яшашларига қарамай, Ватан билан боғлиқлик, миллий бирлик ва ўзликни асраш муҳимлигини яна бир бор ҳис этди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА